"Қамчиқ" довонидаги автоҳалокат оқибатида беш киши нобуд бўлди

"Қамчиқ" довонидаги автоҳалокатга оид суратлар (Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати фотоси)

“Қамчиқ” довонидан ўтган А-373 автомобиль йўлининг 222-километрида енгил автомобилларни ташувчи DAF русумли юк автомобили ва Isuzu русумли юк автомобилининг тўқнашиб кетгани натижасида 5 киши ҳалок бўлган.

Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати қайдича, воқеа 11 февраль куни соат 23:40 ларда содир бўлган.

Хабарномага мувофиқ, автоҳалокатга DAF ҳайдовчиси - 40 ёшли К. Й.нинг эҳтиётсизлиги сабаб бўлган, натижада К. Й.дан ташқари Isuzu ҳайдовчиси - 31 ёшли Ж.А. ҳамда уч нафар йўловчи олинган жароҳатлар туфайли воқеа жойида вафот этган.

“Қамчиқ”да рўй берган йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан Наманган вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 266-моддаси 3-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилган, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб бориляпти.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда довонда BYD Song L электромобилларини олиб кетаётган DAF автотрейлери автоҳалокатга йўлиққани оқибатида нархи 10 га яқин янги автомобиль яроқсиз ҳолга келганига оид видеолар тарқалган эди.