Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги Қамчиқ довонида юз берган сел оқибатида икки аёл ҳалок бўлгани тўғрисида 8 июлда ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларни тасдиқлади.
ФВВ Наманган вилоят бошқармасининг билдиришича, бу воқеа 7 июль куни Қамчиқ довонининг 245 километрида юз берган. Ўша куни 27 ёшли икки нафар аёл тоққа яйловдаги сигирларини соғиб олиш учун чиққан. Соат 19:20 дан 19:27 гача кучли жала ёға бошлаган.
Аёллар тошқин сувлари учун ўрнатилган махсус 1200 диаметрли темир қувур ичида ёмғирдан қочиб ўтирган вақтда 40-50 куб метр сел келган. Сув қувур ичида ўтирган аёлларни Резаксойтга оқизиб кетган. Аёлларнинг жасадлари сойни сел массасидан тозалаш жараёнида топилган.
“Ҳозирда ИИБ Тезкор-тергов гуруҳи томонидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда”, - дейилади расмий хабарда.