Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси 5 август куни ўзбекистонлик таниқли тадбиркор Салим Абдувалиевга нисбатан халқаро қидирув эълон қилди.
Қўмита баёнотида Бишкек шаҳар Октябрь тумани суди томонидан қўзғатилган жиноят иши доирасида Абдувалиевнинг ушланган заҳоти қамоққа олиниши таъкидланган.
“Салимбойвачча” номи билан танилган Салим Қирғизбоевич Абдувалиев Қирғизистонда уюшган жиноий гуруҳлар фаолиятини молиялаштирганликда гумонланади”, дейилган МХДҚ матбуот хизмати хабарномасида.
МХДҚ маълумотига кўра, “Биродарлик халқаси” халқаро уюшган жиноий гуруҳи таркибига кирувчи қирғизистонлик Қамчи Кўлбоев фаолиятида ҳам жиноий гуруҳ фаолиятини молиялаш фактлари аниқланган.
“Салим Абдувалиев Қамчи Кўлбоев билан алоқалар ўрнатган ва тизимли моддий ёрдам кўрсатиб келган. Унинг Қирғизистон, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатларидаги бошқа нуфузли криминал авторитетлар қаторида жиноят оламининг етакчисига айланишига ёрдам берган ва ҳисса қўшган”, дейилган қўмита баёнотида.
Қайд этилишича, Кўлбоевнинг доимий равишда Салим Абдувалиев томонидан ўтказилган тадбирлардаги иштироки ҳам уларнинг алоқалари мустаҳкам бўлганини ифодалайди.
Салим Абдувалиев жорий йилнинг 19 мартида жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судининг ёпиқ мажлиси ҳукми билан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 248-моддасида (Ўқотар қуролларни қонунга хилоф равишда сақлаш) айбланиб, 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
Озодлик манбаларига кўра, Салим Абдувалиев суд ҳукми устидан апелляция ёки кассация тартибида шикоят бериш ҳуқуқидан фойдаланмаган. Унинг ҳозирда Давлат хавфсизлиги хизмати тергов ҳисбхонасида сақланаётгани айтилади.
“Қонунчиликка зид бундай амалиётдан кўзланган мақсад маълум эмас. Аслида у Жиноят процессуал кодекси талабларига кўра, бу вақт ичида жазони ижро этиш колониясига этап қилиниши лозим эди”, деди ўзбекистонлик манба “Озодлик” билан суҳбатда.