Қозоғистонда январь воқеаларида иштирок этганлардан 545 нафари судланди

Бош прокуратура расмий вакили Елдос Қилимжанов.

Қозоғистонда жорий йил январида тартибсизликларга айланиб кетган норозилик намойишларида иштирок этганларга нисбатан 429 жиноят иши қўзғатилди ва бу ишлар доирасида 545 киши судланди. Бу ҳақда Бош прокуратура расмий вакили Елдос Қилимжанов 18 июлда ўтган брифингда маълум қилди.

Унга кўра, судланганлардан 83 нафари “ҳокимият вакилларига зўравонлик қилганликда, ўзгаларнинг мулкларини вайрон этганликда” айбланиб, қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Прокуратура расмийсига кўра, бугунги кунда январь воқеалари юзасидан оммавий тартибсизликлар” моддаси асосида қўзғатилган яна 53 та, “террорчилик ҳаракати” моддаси асосида қўзғатилган 32 та жиноят иши тергов қилинмоқда. Мазкур ишлар доирасида 349 киши ҳибсда сақланмоқда.

Брифингда таъкидланишича, январь воқеалари пайтида кучишлатар тузилмалар ходимларидан тортиб олинган икки мингдан ортиқ ўқотар қурол ҳалигача “жиноятчилар қўлида қолмоқда”. Шу кунгача 1729 та ўқотар қурол ва 42 мингта ўқ-дори қайтарилган.

29 июнь куни Бош прокурор ўринбосари Асет Чиндалиев воқеалар пайтида қўлга олинганлардан олти нафари қийноқлар оқибатида ҳалок бўлгани тасдиқлангани ва уларни қийноқларга солганликда гумонланган полициячилар қўлга олинганини айтганди. Бош прокурор ўринбосари январдаги тартибсизликлар пайтида 232 киши ҳалок бўлганини билдирган.

Манғистау вилоятининг Жанаўзен шаҳри аҳолиси 2 январь куни газ нархи қимматлаганига норозилик сифатида намойишга чиққан эди. Кейинроқ бу намойишлар бутун мамлакатга ёйилди. 5 январдан сўнг қатор шаҳарларда, жумладан, Олмаотада намойишлар тартибсизликларга айланиб кетган ва ўқ отилган.