Қаровсиз қолган 15 нафар бола Россиядан қайтарилди

Иллюстратив сурат

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси томонидан РФ ҳудудида ота-она қарамоғисиз қолган 15 нафар вояга етмаган бола ватанига қайтарилган. Бу ҳақда хабар қилган “Дунё” ахборот агентлиги бу ишни дипломатик ваколатхона Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари билан биргаликда амалга оширганини урғулади.

Қайд этилишича, Ўзбекистондан Россияга бор ишчи гуруҳ қаровсиз қолган болаларга оид зарур ҳужжатларини йиғиш мақсадида икки ҳафта давомида РФнинг турли ҳудудларида бўлган.

Ҳудудлардан йиғилган ёрдамга муҳтож ўзбекистонлик болаларнинг барчаси аввалига Москва шаҳридаги вояга етмаганлар учун мўлжалланган ижтимоий реабилитация марказига жойлаштирилган, кейин эса улар Ўзбекистонга қайтарилган.

Хабарга мувофиқ, вояга етмаган болалар Ўзбекистонда яқин қариндошларига ёки мамлакатдаги махсус болалар муассасаларига топширилади.

Бу Россияда қаровсиз қолган болаларнинг Ўзбекистонга илк бора қайтарилиши эмас. Дейлик, шу йилнинг сентябрь ойи бошида Россияда ота-она қарамоғисиз қолган қийин вазиятга тушиб қолган 14 нафар, август ойида эса 31 нафар бола Ўзбекистонга олиб келингани ҳақида хабар қилинган.