Қарши шаҳар ҳокимининг қарорига асосан Кичик саноат зонаси ташкил этилаётган 10 гектар майдонда ҳар хил турдаги 2 874 туп дарахт экскаватор ёрдамида илдизи билан қўпорилган, мазкур ҳолат юзасидан далолатнома тузилган. Бу ҳақда Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Қайд этилишича, Қарши шаҳар Қурилиш бўлимининг 2020 йил 23 ноябридаги Қарши шаҳар “Буюк Турон” МФЙ, Буюк Турон кўчасида ташкил этилаётган “Кичик саноат зонаси” ҳудудидаги экинзор ва дарахтларни таг қисмидан олиб ташлаш тўғрисидаги мурожаатга жавобан Қарши шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси томонидан дарахт ва буталарни кесиш тартиби кўрсатиб ўтилган ҳолда, дарахт ва буталарни кесишга рухсат берилмаган.
Шу билан бирга, ажратилган 10 гектар ер майдонида ташкил этилаётган Кичик саноат зонаси бўйича Давлат экология қўмитасининг экологик хулосаси олинмагани ҳам аниқланган.
“Айни дамда юқоридаги ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо берилиши учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилди”, дейилган экология қўмитаси хабарномасида.
Президентнинг 2021 йилги давлат дастурига оид фармони лойиҳасида Ўзбекистон ҳудудида ноқонуний кесилган дарахт ва буталар учун уч йил давомида парваришлаш шарти билан 100 туп кўчат экиш мажбуриятини киритиш кўзда тутилган. Агар мазкур лойиҳа тасдиқланиб, Қаршидаги ҳолатга нисбатан татбиқ этиладиган бўлса, шаҳар ҳокимияти зиммасига 287 минг 400 туп кўчат экиш ва уларни 3 йил парваришлаш мажбурияти юкланиши эҳтимолдан ҳоли эмас.