Андижон тумани ҳокимлиги 335 миллион сўмга қора рангли Captiva 5T Premler автомобилини харид қилди.
Daryo.uz нашрининг давлат харидлари портали маълумотларини ўрганган ҳолда ёзишича, ҳокимликнинг автомобиль сотиб олишга оид қарори Адлия вазирлигининг “E-qaror” ягона электрон тизими платформасида яшириб қўйилган. Шунингдек, ҳужжат ХДФУ (хизмат доирасида фойдаланиш учун) ёрлиғи билан махфийлаштирилган.
Ўрганишлар жараёнида бир неча юз миллионга автоулов сотиб олган Андижон тумани ҳокимлиги гарданида 68 та ижро ҳужжати бўйича жами 6 миллиард 680 миллион 575 минг сўм қарз мавжудлиги, уларнинг айримлари бир неча йиллардан буён тўланмай келаётгани, ҳокимликнинг айрим мулклари тақиқда экани ҳам ўртага чиққан.
Daryo.uz ҳокимликнинг автомобиль харидига оид қарорни яшириб қўйгани қонунчиликка нечоғли мувофиқ келишини савол остига олган.
Сўнгги вақтларда давлат идоралари амалдорларининг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларга қимматбаҳо машиналар сотиб олаётгани, вазирлик ва ҳокимликларнинг кўплаб ҳужжатларни жамоатчилик ҳукмига ҳавола этмай махфийлаштираётгани эътирозга сабаб бўлмоқда.