Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги автомобилларга суюлтирилган газ тўлдириш шохобчасида 7 октябрь куни портлаш содир бўлди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, душанба куни соат 15:45 да “Камаз-512” машинасидан сақлов идишига газ қуйиш вақтида газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши рўй берган. Бунинг оқибатида ёнғин юзага келган.
Вазирлик қайдича, 4 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 15:56 да ҳодиса жойига етиб борган ва 16:45 да ёнғинни тўлиқ ўчирган.
Ёнғин оқибатида шохобча биносининг том қисми зарарланган.
ФВВ ҳодиса оқибатида жароҳатланган ва вафот этганлар йўқлигини айтган. Ёнғин сабаби ва моддий зарар кўлами аниқланмоқда.
Газ тўлдириш шохобчасида содир бўлган портлаш видеоси аввалроқ ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган эди.
Ўзбекистонда газ тўлдириш шохобчаларида портлаш рўй бериши камёб ҳодиса эмас. Масалан, 2023 йил 25 февраль куни Самарқанд шаҳридаги шохобчада Nexia-3 машинасига ўрнатилган баллон портлаб кетган, оқибатда “заправка” ишчиси 43 ёшли М.З. воқеа жойида вафот этганди.