Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида электр таъминотидан норози бўлиб, “Афросиёб” поезди йўлини тўсганлардан 13 нафари судга чақирилган.
“Дарё” нашрининг хабарига кўра, поезд йўлини тўсганлар иши 2021 йил 25 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман судида кўриб чиқилади.
Чироқчи туман “Айритом” МФЙ профилактика инспектори Аҳрор Дўстқулов нашрга мазкур иш доирасида 50 нафар фуқарога чора кўрилаётганини маълум қилган.
ИИБ вакили ҳодиса юзасидан 37 нафар фуқарога огоҳлантириш берилганини қўшимча қилган.
Чироқчидаги “Айритом” қишлоғининг электр таъминотида кузатилаётган узилишлардан норози бўлган турғунлари шу йилнинг 7 июнь куни темир йўл устида йиғилгани, поезд келишидан тахминан 28 минут олдин Чироқчи туман ҳокими келиб, темир йўл атрофида йиғилган қишлоқ аҳлини Маҳалла фуқаролар йиғинига олиб кетгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилганди.