Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида 28 декабрь куни “Док-1 Макс” сиропини истеъмол қилиб келган 1,5 яшар болакай вафот этган. Бу билан мазкур препарат туфайли ҳаётдан кўз юмган болалар сони 19 нафарга етган.
Қашқадарё вилояти прокуратураси маълумотига кўра, ҳолат юзасидан Қарши шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 186-3-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб бориляпти.
Ўзбекистонда “Док-1 Макс” препаратини қабул қилгани ортидан 18 нафар бола нобуд бўлгани, қурбонлардан 15 нафарини ёши 3 га ҳам етмаган болалар ташкил этгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Болалар ўлимига препарат таркибида мавжуд бўлган “этиленгликоль” моддаси сабаб бўлгани айтилмоқда.
Ҳодиса ортидан соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев қурбонларнинг ота-оналаридан узр сўраган ва бу ишга аралашган барча масъул ходимлар қонун олдида жавобгарликка тортилишини билдирган, ДХХ Тергов бошқармаси эса ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатган.
Ўзбекистонда “Док-1 Макс” ҳапдориси ва сиропи савдоси 2022 йил 22 декабридан вақтинча тўхтатилганини билдирилган.