Қашқадарёда электр таъминотидаги узилишлардан норози аҳоли темир йўлини тўсиб қўйди

Иллюстратив сурат

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи тумани “Айратом” қишлоғи турғунлари 7 июнь куни эрталаб темир йўл устида йиғилди.

Xabar.uz нашри хабарига кўра, аҳолининг темир йўл бекатига йиғилишининг асосий сабаби туман ҳокими Хуррам Жўраевдан қишлоқни электр энергияси билан қониқарли таъминлаш бўлган, улар қишлоққа келадиган электр энергиясини бошқа кучлироқ “трансформатор”га улашни сўрашган.

Душанба куни эрталабки соат 9:00 да туман ҳокимининг “Айратом” қишлоғига келиши кутилган. Ҳоким белгиланган вақтда электр энергияси масаласини ҳал қилиш учун қишлоққа келмаганлиги важидан аҳоли темир йўл атрофига йиғилган.

Шу куни соат 10:48 да бу бекатдан график бўйича Тошкент – Қарши йўналиши бўйича ҳаракатланувчи “Афросиёб” тезюрар поезди ўтиб кетиши белгиланганди. Поезд келишидан тахминан 28 минут олдин Чироқчи туман ҳокими келиб темир йўл атрофида йиғилган қишлоқ аҳлини “Айратом” қишлоғи Маҳалла фуқаролар йиғинига олиб кетган.

“Афросиёб” поезди графикда белгиланган вақтда бекатдан ўтиб кетган, поезд тўхтамаган, ҳеч кимга зарар етган эмас.

Озодлик жорий йил бошидан бери бир неча бор электр ва газ таъминотидаги узилишлардан норози аҳоли йўлни тўсгани ҳақида хабар қилган. Ана шундай ҳодисалардан бири шу йил апрель ойида Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида содир бўлган, кейинроқ йўл тўсганлардан беш нафари ИИБга олиб кетилганди.