Қашқадарёда кўп миллиардлик тендер қонунчиликка зид тарзда ўтди

Иллюстратив сурат

Қашқадарё вилоятидаги “Деҳқонобод калий заводи” акциядорлик жамияти харид комиссияси кўп миллиардлик тендер ўтказишда қонун талабларининг қўпол равишда бузилишига йўл қўйди.

Daryo.uz нашрининг харид маълумотларини ўрганган ҳолда ёзишича, “Деҳқонобод калий заводи” АЖ 2025 йилда ишлаб чиқариш эҳтиёжи учун сиқилган газда ҳаракатланувчи автотранспорт воситаларида юк ташиш учун бошланғич қиймати 10 миллиард 862 миллион сўмлик тендер ўтказган.

Энг яхши таклифни танлаб олиш бўйича савдо 2024 йилнинг 18 декабридан 2025 йилнинг 8 январигача давом этган.

Лотда фақат Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган “Ромитантранс” масъулияти чекланган жамияти қатнашган ва бошланғич нархдан салкам 10 миллион сўм паст нарх – 10 миллиард 852 миллион сўм таклиф билан ютиб чиққан.

“Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг 68-моддасига мувофиқ, тендерда битта иштирокчи иштирок этгани боис харид комиссияси тендерни ўтказилмаган деб топиши шарт.

Афсуски, комиссия аъзолари томонидан тендерни бекор қилиш ўрнига қонунга зид ҳаракат қилиниб, овозлар берилган. Комиссия аъзолари қонунчиликдан бехабарми? Уларнинг иштирокчи билан қандайдир алоқаси борми?” дея масъулларни саволга тутган Daryo.uz.

Коррупцияга қарши курашиш агентлигига кўра, 2024 йил давомида давлат харидлари тизимида 263,9 миллиард сўмлик ноқонуний харид натижалари бекор қилинган.