Қашқадарёда уч нафар блогер қамалди

Иллюстратив сурат

Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди ҳукми билан 18 июль куни блогер Наргиза Келдиёрова 6 йил 6 ойга, блогер Дилдора Ҳакимова 6 йил 2 ойга ва блогер Шукрулло Парпиев 6 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилинди.

Шунингдек, блогерларга жиноий шерикликда айбланган яна 4 нафар фуқаронинг ҳар бири 5 йилга озодликдан чеклаш билан жазоланди. Бу ҳақда Озодликка судда иштирок этган адвокатлардан бири маълум қилди.

Блогерлар Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165-моддасида (Товламачилик) кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланган.

Бундан ташқари, блогер Наргиза Келдиёровага Жиноят кодексининг 155-моддаси (Терроризм) ва 158-моддаси 3-қисми (Ўзбекистон Республикаси президентини омма олдида ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш, шунингдек, матбуот ёки бошқа оммавий ахборот воситаларидан, телекоммуникация тармоқларидан ёки Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда уни ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш) бўйича айблов қўйилган.

Жиноят иши материалларига кўра, Келдиёрова хусусан Қозоғистондаги оммавий тартибсизликлар ҳақида ижтимоий тармоқларда фикр билдириб, уни қўллаб-қувватлаган ва бу билан қонунчиликдаги терроризм жиноятини содир этган.

Блогерларга нисбатан суд томонидан белгиланган жазо муддатлари умумий тартибдаги колонияларда ўталиши билдирилган.