Қашқадарё вилояти Муборак туманида жойлашган 33-сонли манзил-колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкум ток уриши оқибатида вафот этган.
“Марҳум қилган жинояти учун Муборак туманидаги 33-сонли манзил-колонияда жазо муддатини ўтаётганди. Бир оз аввалроқ уни ток урган. Шундан сўнг шифохонага олиб боришган. У ерда маҳкумда ОИTС ҳам борлиги маълум бўлган. Маҳкум 19 ноябрь куни вафот этди”, деган Daryo.uz манбаси.
Нашр мухбири маълумотга аниқлик киритиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти матбуот хизмати билан боғланган. Ҳолатни ўрганиб кейинроқ маълумот беришини айтган матбуот хизмати масъули ваъдасини бажармаган.
Жазо муддатини ўтаётган маҳкумнинг колонияда вафот этиши биринчи марта кузатилаётган ҳолат эмас.
2022 йил 6 декабрь куни Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида жойлашган 37-сон манзил-колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкум У. Э. бошқа бир маҳкум билан жанжал оқибатида вафот этганди.
2022 йил 7 октябрь куни Навоий шаҳри 5-минтақавий ҳудуди 4-сонли колонияда жазо ўтаётган маҳкум ўзини осиб ўлдирганди.