Жорий йилнинг 2 август куни Тошкентга қараб йўлга чиққан қашқадарёлик блогер Шаҳзода Бахронова бир суткадан буён бедарак. Бу ҳақда “Озодлик”ка 3 август оқшомида блогернинг ўзбекистонлик дўстларидан бири маълум қилди.
Унинг айтишича, Шаҳина Абдураззоқ тахаллуси билан ижод қиладиган 26 ёшли шоира ва блогернинг яқинлари у билан сўнгги бор жума куни соат 21 лар атрофида гаплашишганини маълум қилишган – Шаҳзода уларга Тошкентга эсон-омон етиб олгани, айни пайтда ёнидаги аёл билан биргаликда меҳмонхонага кетаётганини айтган.
Шундан сўнг Бахронова билан алоқа узилган, блогер аёл на қўнғироқларга, на-да мессенжерлар орқали йўлланган овозли ва матнли хабарларга жавоб берган.
“Телеграмдаги қайддан Шаҳинанинг сўнгги маротаба мессенжерга жума куни соат 21.33 да кирганини кўриш мумкин. Шаҳинанинг бунақа одати йўқ эди, у қаерда бўлмасин, бирор марта яқинларини, дўстларини хабарсиз қолдирган эмас”, деди блогер аёлнинг дўсти.
Шоира ва блогер Шаҳзода Бахронова 2021 йили қамалган шоир ва мухолифатчи Раҳмиддин Абраевнинг собиқ рафиқасидир. Блогер аёлнинг қарамоғида айни пайтда уч нафар вояга етмаган фарзанд бўлиб, уларнинг энг каттаси эндигина мактаб ёшига етган.