Ўзбекистонда 2024 йилда 5 миллион киши иш билан таъминланиши иддао қилинди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда жорий йилда 5 миллион аҳоли иш билан таъминланиши тўғрисида 8 январь куни президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган йиғинда маълум қилинди.

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, мамлакатда ҳозирги кунда расман 1 миллион 300 минг ишсиз бор. Бу йил яна 2 миллион 400 минг аҳоли меҳнат бозорига кириб келади. Шуларни назарда тутган ҳолда “2024 йилда 5 миллион иш ўрни яратиш режалаштирилган”

Хабарда таъкидланишича, хизматлар соҳасида 2,5 миллион, қишлоқ хўжалигида 2,1 миллион, инвестиция лойиҳалари ва саноатда 250 минг, қурилишда 140 минг иш жойи яратиш имконияти бор.

“Бундан ташқари, замонавий молиявий инструментлар, жумладан, микромолиялашнинг янги тизимини кенг жорий қилиш орқали 2 миллион аҳолини бизнесга жалб қилиш кўзда тутилмоқда”, дейилади хабарда.

Ўтган йили президент йиғилишларда камбағалликни бартараф этиш йўналишига кўпроқ эътибор қаратган эди. Мирзиёев 2023 йил 25 январь куни ўтган видеоселектор йиғилишида, Тошкентда 27 апрель куни Иккинчи инвестиция форумида ва 19 сентябрь куни БМТ Бош ассамблеясида сўзлаган нутқларида “сўнгги бир йилда 1 миллион киши камбағалликдан чиқарилгани ва камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга туширилгани”ни иддао қилган эди.

Мирзиёевга кўра, 2023 йилнинг биринчи чорагида 210 минг киши камбағалликдан чиқарилган.

10 май куни ўтган видеоселекторда Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятидаги биттадан туманда Хитой тажрибаси асосида камбағалликдан чиқариш бўйича алоҳида дастур амалга оширилишини билдирган эди. Бу дастур муваффақиятли амалга оширилса, 2024 йилдан бери тажриба мамлакатнинг барча ҳудудларига жорий этилиши билдирилган.

Шу билан бир қаторда Шавкат Мирзиёев 2 август куни Тошкент вилоятига ташрифи доирасида ўтказган видеоселекторда йил охиригача қолган беш ой ичида 200 минг кишини камбағалликдан чиқаришга буйруқ берганди. Унга кўра, бу билан камбағаллик даражаси 14 фоиздан 12 фоизга туширилади.