Қатар амири коррупцияга қарши халқаро мукофотни топшириш учун Ўзбекистонга келади

Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний.

Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний 19 декабрда ўзи томонидан таъсис этилган коррупцияга қарши ҳалқаро мукофотни топшириш маросимида иштирок этиш учун Тошкентга келади.

Қатар амири бу мукофотни 2016 йилда таъсис этганди. Мукофот билан ҳар йили “глобал миқёсда коррупцияга қарши курашга қўшган ҳиссасининг эътирофи сифатида таниқли жамоат арбоблари, экспертлар ва журналистлар тақдирлаб келинмоқда”.

Ташриф доирасида олий даражадаги музокаралар ҳам бўлиб ўтади.

Мазкур мукофотни топшириш тадбирини Тошкентда ўтказиш юзасидан президент Шавкат Мирзиёевнинг 1-2 октябрь кунлари Дохага қилган сафари чоғида келишувга эришилган.

Ўзбекистон президенти ва ҳукумати сўнгги йилларда мамлакатда коррупцияга қарши кураш кескинлашгани ва коррупция ҳолатларининг олдини олиш юзасидан самарали чоралар кўрилаётгани тўғрисида бонг уриб келади. Бироқ Озодлик радиоси қатор ҳамкорлари билан ўтказган журналистик суриштирувларда Шавкат Мирзиёев ва унинг оиласи коррупцияга алоқадор бўлиши эҳтимоли тўғрисидаги маълумотлар юзага чиққан.

Жумладан, Озодлик радиосининг Мирзиёевнинг Шоввозсойдаги қасри, “Мирзиёев кластерига айланаётган Ўзбекистон”, “Мирзиёевларнинг соядаги инвестори” каби қатор суриштирувларига Тошкент расман муносабат билдирмаган.


Ўзбекистон ва Қатар ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 25 йил бўлди. Мана шу давр ичида Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний жорий йилнинг 5-6 июнь кунлари давлат ташрифи билан илк бор Ўзбекистонга келган эди.

Қатар ҳам 2022 йилда футбол бўйича жаҳон чемпионатини ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритиш мақсадида коррупциявий усуллардан фойдалангани тўғрисидаги айбловлар ортидан халқаро миқёсдаги жанжаллар марказига айланганди.

Қатар мазкур чемпионатни ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритганидан сўнг турли жанжалли баёнотлар берилди. ФИФАнинг айрим раҳбарлари коррупцияда гумонланди, кейин стадионларни қуриш пайтида Қатарда ишчиларнинг ҳалок бўлиши, Қатардаги инсон ҳуқуқлари вазияти танқид қилинганди.