Қатар амири сўнгги 25 йилда илк бор Ўзбекистонга келмоқда

Ташрифининг асосий тадбирлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади.

Ташрифининг асосий тадбирлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади.

Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний 5-6 июнь кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келади. Президент матбуот хизматининг билдиришича, сафар президент Шавкат Мирзиёев таклифига асосан амалга оширилмоқда.

Олий мартабали меҳмон ташрифининг асосий тадбирлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади.

Музокараларда Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади.

«Бунда, энг аввало, фаол сиёсий мулоқотлар ва маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш, энергетика, газ-кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма, логистика, туризм ва бошқа тармоқларда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш эътибор марказида бўлади», дейилади расмий хабарда.

Ўзбекистон ва Қатар ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 25 йил бўлди. Мана шу давр ичида Қатар амири илк бор Ўзбекистонга келмоқда.