Германия, Италия, Норвегия ва Баҳрайн каби давлатлар Ливанда бўлган фуқароларига бу мамлакатни зудлик билан тарк этишни, қолганларга эса Ливанга боришдан тийилишни тавсия қилишди. Бундан ташқари, қатор авиаширкатлар Ливанга парвозларни тўхтатиб қўйишди.
Эҳтиёткорлик чоралари Исроил билан Ливан жанубида фаолият олиб бораётган “Ҳизбуллоҳ” радикал гуруҳи ўртасидаги зиддият кучайиб кетгани билан боғлиқ. 27 июль куни “Ҳизбуллоҳ” Исроил назорати остидаги Ғўлон тепаликларида жойлашган Маждал-Шамс шаҳрини ракета зарбалари берган. Бунинг натижасида болалар дохил 12 киши ҳалок бўлган, 30 дан зиёд одам яраланган. Исроил томони “Ҳизбуллоҳ”ни оқибатлардан огоҳлантирган.
29 июль куни Германия ташқи ишлар вазирлиги Ливандаги ўз фуқароларини бу мамлакатни тарк этишга чақирган. “Немис тўлқини” (Deutsche Welle) хабарига кўра, Германия ТИВ рўйхатида 1300 га яқин киши бор. Германиянинг Байрутдаги элчихонаси уларга кетишда ёрдам бермоқда.
Шунингдек, Италия, Норвегия ва Баҳрайн элчихоналари ҳам ўз фуқароларидан Ливандан чиқиб кетишни сўрашган.
АҚШ Давлат департаменти Ливанда юрган америкаликларга ўз вақтида ТИВдан огоҳлантириш хабарларини олиш учун STEP дастури бўйича рўйхатдан ўтиш ва зарурат туғилган тақдирда, мамлакатни тарк этишга ҳозир бўлишни тавсия қилган.
Ҳиндистон ҳам Ливандаги ўз фуқароларига огоҳ бўлиш ва элчихона тавсияларини кузатиб боришга чақирган.
Германиянинг Lufthansa, Швейцариянинг Swiss Airlines ва Eurowings авиаширкатлари камида 6 августгача Байрутга қатновларни бекор қилишган. Aegean Airlines, Qatar Airways, Air France ва Austrian Airlines қатновларнинг бир қисмини бекор қилиб, кейинги парвозлар жадвали вазият ривожига қараб ўзгартириб борилишини билдиришган. Ливандаги Middle East Airlines авиаширкати ҳам қатновлар жадвалида ўзгаришлар бўлиши мумкинлигини маълум қилган.
Исроил билан Ливан чегарасидаги вазият ўтган йилнинг 7 октябрида ҲАМАС гуруҳи Исроил жанубига ҳужум уюштиргани ва Ғазо секторида жанговар ҳаракатлар бошлангани ортидан кескинлашиб кетган.