Тўрт йил олдин Қибрайда 13 ёшли қизни зўрлаган шахс 15 йилга кесилди

Иллюстратив сурат.

Қибрайда 2019 йилда 13 ёшли қизни зўрлаган шахс 15 йилга озодликдан маҳрум этилди. Олий суд матбуот хизматининг 18 октябрда хабар беришича, жиноят ишлари бўйича Бўстонлиқ туман суди Ш. Ш.,ни Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми (14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш) билан айбдор деб топган.

Қибрайда 2019 йилда 13 ёшли қизни 27 ёшли қўшниси зўрлагани тўғрисида биринчи бўлиб шу йил апрелида Nemolchi.uz лойиҳаси хабар берган эди. Ўшанда қиз зўрлаган кишининг таҳдидларидан қўрқиб, бу ишни сир сақлаб келгани айтилган. Кейинроқ қизни зўрлаган йигит Миллий гвардиянинг қўриқлаш хизматига ишга кирган.

Бу воқеа юзасидан қиз 2022 йилнинг 2 мартида Қибрай тумани прокурори номига ариза ёзганига қарамай, жиноят иши фақат 2023 йил 4 апрелида қўзғатилган. Мазкур иш юзасидан тергов август ойида якунланиб, судга оширилган.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда болаларга нисбатан жиноятлар, жумладан, жинсий зўравонлик ҳолатлари кўпайгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.

Расман билдирилишича, болаларга жинсий тажовуз қилингани бўйича 2021 йилда 334 та, 2022 йилда эса 395 та жиноят иши тергов қилинган. Сўнгги 3 йилда судлар томонидан 2072 киши ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

2021 йилда вояга етмаганларга нисбатан содир этилган жами жиноят ишлари 1831 тани, 2022 йилда 2194 тани ташкил қилган.

Аввалроқ Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори ўринбосари Шахноза Мирзиёева 2023 йилнинг тўққиз ойида вояга етмаганларга нисбатан 417 жинсий зўравонлик қилингани қайд этилгани ҳақида билдирган эди.