Тошкент вилояти Қибрай тумани ҳокими бошчилигида 14 декабрь куни эрталаб фуқаролар қабули бўлиб ўтаётган пайтда, 29 яшар Нозима Эргашева ўзига ўт қўйган.
Воқеа гувоҳларининг айтишларича, аёл МИБ ходимлари унинг газ қувурини асоссиз кесиб ташлагани, икки ойдан буён унинг арз-додларига ҳеч ким қулоқ солмаётганидан шикоят қилган.
Қибрай тумани ички ишлар бўлимидан олинган маълумотга кўра, аёл биринчи даражали куйиш жароҳати олган, ҳокимият мажлислар залига ҳам шикаст етган.
Қибрай туманида яшайдиган 29 яшар Нозима Эргашеванинг ўзига ўт қўйгани ҳақида шу воқеа гувоҳларидан бири Озодликка хабар қилди:
“Кеча, 14 декабрь куни, эрталаб тахминан соат 10.15 ларда Қибрай тумани ҳокими бошчилигида фуқаролар қабули бўлиб ўтаётган эди. Бир аёл уни асоссиз қарздор қилишгани, икки ойдан буён масаласи ҳал бўлмаётгани, унинг шикоятларига ҳеч ким жавоб бермаётганидан шикоят қилди. Унга қарзингиз бўлса барибир тўлашингиз керак, деб жавоб беришди. Кейин у аёл қўлидаги идишда турган бензинни ёқиб юборди, одамлар унга туташган оловни ўчириб қолишди. Зал ҳам озгина ёнди. Кейин тез ёрдам чақиришди, биз чиқиб кетдик”, дейди воқеа гувоҳларидан бири.
Қибрай тумани ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими, шундай воқеа бўлганини ва Нозима Эргашева биринчи даражали куйиш жароҳати олганини тасдиқлади.
Мулозим, бу воқеа юзасидан жиноят иши очилгани ёки очилмагани ҳақидаги Озодлик саволини жавобсиз қолдирди.
Қибрай тумани ташкилий назорат гуруҳи етакчи мутахассиси Холмурод Раббанаевнинг Озодликка айтишича аёл ўзига эмас, балки мажлислар залига ўт қўймоқчи бўлган:
- У ўзига-ўзи ўт қўймаган. Қўлидаги анақага ўт қўйиб, трибунага қараб отган. Трибунада ҳеч ким бўлмаган. Бензин эмас, солярка бўлган. Шунда қўлига ҳам туташиб куйган, дейди Холмурод Раббанаев.
Мулозимнинг иддао қилишича, аёлнинг норозилиги газдан қарздорлиги бўлган:
- У газга ўз вақтида пул тўламаган. Етти миллион сўм қарзи бўлган. МИБ узиб кетган уни. Ички ишлар бўлими ўзининг сектори бўлгани учун ёқиб берган яна, майли ёрдам қилайлик, деб. У ҳокимиятдан мени қарздорлигимни ёпиб беринглар, деб талаб қилган. Уни касаллигиям бор, экан, бошқаси ҳам бор экан. Биз бу воқеа юзасидан ишчи гуруҳ ҳам ташкил қилдик, бориб ўрганиб келдик, дейди Холмурод Раббанаев.
Озодлик Қибрай тумани шошилинч тиббий ёрдам маркази билан боғланиб, Нозима Эргашеванинг аҳволи қандай эканлиги билан қизиқди. Исми сир қолишини сўраган шифокорнинг айтишича, Нозима Эргашева биринчи даражали куйиш жароҳати олгани қайд этилган, аммо ўзи касалхонага ётқизилмаган.
Ўзбекистонда маиший муаммолар сабаб, фуқароларнинг ўзига ўт қўйиш ҳолатлари учраб туриши ҳақида Озодлик бир неча бор хабар берган.
Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида яшайдиган 27 яшар аёл 15 апрель куни ўзи ва ухлаб ётган икки нафар ўғлига бензин сепиб, ўт қўйган эди.
2017 йилнинг сентябрида Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл тумани Уллибоғ қишлоғида яшовчи 29 яшар Аҳмад Ниёзимбетов уйини бузишга келган ҳокимлик вакилларига норозилик билдириб, ўзига ўт қўйган эди.