Қирғиз мулозими: Садир Жапаров Путиндан Тожикистон билан чегара муаммоларини ҳал этишда ёрдам беришни илтимос қилди

Садир Жапаров Владимир Путин билан учрашувда, Сочи, 2021 йил 24 майи

Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби Марат Иманқулов “Биринчи радио”га берган интервьюсида Қирғизистон, Тожикистон ва Россия президентларининг уч томонлама учрашувига изоҳ берди.

Иманқуловга кўра, Қирғизистон президенти Садир Жапаров қирғиз-тожик чегара муаммосини ҳал қилиб беришни Владимир Путиндан илтимос қилган.

“Остона шаҳрида президентлар очиқча гаплашиб олишди. Чегара муаммолари чегаралар ўз вақтида делимитаризация ва демаркация қилинмагани туфайли келиб чиқди. Шу боис президентимиз ушбу масалага ечим топишда ёрдам сўраб, Путинга мурожаат этди. Россия томони икки томон тақдим этган материалларни ўрганиб чиқиб, кейинроқ якуний хулоса беришни ваъда қилди. Ўйлайманки, муаммо ҳал бўлади, чунки Москвада архив ҳужжатлари ва хариталар бўлиши мумкин”, деган Иманқулов.

Аввалроқ Россия президенти Владимир Путин Москвада “иттифоқдош республикалар ўртасидаги чегараларга доир ишончли маълумотлар ушбу республикаларнинг ўзида мавжуд маълумотлардан ҳам кўпроқ”лигини билдирган эди.

Эслатиб ўтамиз, 13 октябрь куни Астанада Қирғизистон, Тожикистон ва Россия президентлари – Садир Жапаров, Эмомали Раҳмон ҳамда Владимир Путин уч томонлама учрашув ўтказишган.

Давлат раҳбарлари қирғиз-тожик чегаралари билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилганлар. Қирғизистон президентининг матбуот котиби Эрбўл Султонбоевга кўра, учрашув Владимир Путин ташаббуси билан ўтказилган бўлиб, у “Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара масалаларини ҳал қилишда кўмаклашишга тайёр”.

14-17 сентябрь кунлари Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбийлари ўртасида кенг кўламли қуролли тўқнашув содир бўлган. Можаро оқибатида Қирғизистоннинг 63 фуқароси ўлган, 200дан ортиқ киши яраланган. Тожикистон билан чегарага яқинидаги қишлоқлардан 130 мингдан ортиқ одам ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган. 18 сентябр куни Қирғизистон ТИВ ўз баёнотида Тожикистонни қуролли босқинда айблаган. Айни мазмундаги айбловлар Тожикистон томонидан Қирғизистонга нисбатан айтилмоқда.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги чегара можаросида ўз тарафидан 41 киши қурбон бўлганини билдирган. Озодликнинг тожик хизмати ўз манбаларидан олган маълумотларга таяниб ҳалок бўлган 81 нафар тожикистонлик рўйхатини эълон қилган ва чегарадаги тожик қишлоқларидаги жабрланган аҳоли ҳақида ёзган. Тожикистонга оид қурбонлар ва жабрланганлар тўғрисидаги маълумотларни бошқа мустақил манбалар орқали тасдиқлаш имкони бўлмаяпти.