Россиянинг Украинадаги қонли уруши давом этаркан, оддий россияликлар оғирлашиб бораётган иқтисодий шароитдан ва ҳарбий хизматдан қочиш илинжида ўз ватанларини тарк этишда давом этмоқда.
Россияликлар орасида хорижий мамлакатлар визалари ва паспортларига бўлган талаб юқори бўлганлиги туфайли Россияда жойлашган бир неча хусусий компания россияликларга Қирғизистон фуқаролигини олиш хизматини таклиф қилмоқда.
Ўзини юридик хизмат кўрсатувчи ширкат ўлароқ тақдим этаётган бу компаниялар Қирғизистонни дўстона, русийзабон давлат сифатида тарғиб қилмоқда. Бу компаниялар рекламарида эътироф этилишича, Қирғизистон фуқаролиги Ғарб давлатларига саёҳат қилиш, ўқиш ва яшаш учун йўл очади.
Қирғизистон қашшоқ собиқ совет мамлакати бўлиб, Бишкек Украинадаги урушга қарамай, Москва билан яхши муносабатларини сақлаб келмоқда.
Хусусий рус компаниялари хизматлари учун 1 500 дан 14 000 долларгача ҳақ олади. Нархлар кўрсатиладиган хизматга боғлиқ. Компаниялар шунчаки маслаҳат бериш ёки мижозларга ҳужжатларни тайёрлаш, Қирғизистонга сафар уюштириш ва у ерда паспорт расмийлари билан учрашишни ўз ичига олувчи тўлиқ хизмат пакетини таклиф қилмоқда.
Қирғизистон фуқаролигини олиш жараёни 3 ойдан 18 ойгача чўзилиши мумкин. Қўшимча ҳақ эвазига жараённи тезлаштириши мумкин.
Расмий маълумотларига кўра, ўтган йили Қирғизистон паспортини олган Россия фуқаролари сони тўрт баробарга ошган. Бишкек коррупциянинг олдини олиш мақсадида фуқаролик олиш учун топширилган ҳар бир ариза синчиклаб кўриб чиқилишини таъкидлаб келади.
Мавзуга алоқадор "Илгари бунинг акси эди". Россиялик амалдорлар, бизнесменлар ва яқинлари қирғиз паспортини олмоқдаҚирғизистон фуқаролигини олишда ёрдам таклиф қилаётган фирмалардан бирининг ходими Озодлик радиоси қирғиз хизмати билан суҳбатлашиб, ҳар бир ариза учун ўртача 12 минг доллар атрофида ҳақ олинишини айтди.
Қирғизистон Россия билан икки фуқароликни расман тан олмайди. Аммо рус фирмаси ходимининг сўзларига кўра, компания россиялик мижозларга Қирғизистон фуқаролигини олиб бериш учун қонундаги ноаниқликлардан фойдаланади.
“Собиқ совет давлатларининг фуқаролари, яъни 1991 йилда Совет Иттифоқи парчаланишидан олдин туғилганлар Қирғизистон фуқаролигини қонуний йўл билан соддалаштирилган тартибда олишлари мумкин”, — деди исмини ошкор қилмаслик шарти билан суҳбатлашган ходим.
“Бунинг учун Россия фуқаролигидан айрилмайсиз. Ўз хизматимизга кафолат берамиз. Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги ва паспорт бўлимларида алоқаларимиз бор”, — дея сўзини давом эттирди ходим.
Ходимнинг тушунтиришича, мижозлар Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрига шахсан боришлари шарт. У ерда мижозлар фирма вакиллари ҳамроҳлигида паспорт столи ва бошқа маъмурий биноларга боришади.
Россияликлар учун виза тартибининг кучайиши
2022 йил февралида Москва Украинага бостириб кириши ортидан Ғарб давлатлари Россия фуқаролари учун виза олиш талабларини кучайтирди, натижада россияликларнинг чет элга дам олиш, бизнес ва таълим олиш учун бориши анча мушкуллашди.
Босқин ортидан россияликлар оммавий тарзда мамлакатни тарк эта бошлади, натижада Туркия каби Ғарбнинг Москвага қарши санкциялар кампаниясига қўшилмаган давлатлар ҳам иммиграция қоидаларини қатъийлаштирди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Туркия россиялик эмигрантлар ва сайёҳлар учун асосий йўналишлардан биридир. Озодлик билан суҳбатлашган бир неча россияликнинг сўзларига кўра, декабрь ойидан бери россияликлар Туркияда вақтинчалик яшаш учун рухсатнома олиши қийинлашган.
Шунингдек, Туркиядаги айрим банклар Туркияда истиқомат қилувчи россиялик орасида кенг тарқалган “Мир” тўлов тизимидан фойдаланишни тўхтатган.
Туркия Миграция агентлиги маълумотларига кўра, ўтган йили 153 мингга яқин Россия фуқароси Туркияда вақтинчалик яшаш ҳуқуқини қўлга киритган.
Туркияда иммиграция қоидаларининг ўзгараётгани учун тобора кўпроқ россиялик Қирғизистон фуқаролигини олишга қарор қилмоқда.
“Айни дамда Қирғизистон қисқа муддатда фуқаролик олиш учун қулай давлат”, — деди Қирғизистон паспортини таклиф қилаётган Россия фирмаси ходими.
“Бундан ташқари, Қирғизистон — яхши, рус тилида сўзлашувчи давлат бўлиб, ҳеч қандай санкцияларга йўлиқмаган. Қирғизистон паспорти билан Европа, АҚШ ва бошқа мамлакатларга саёҳат қилишингиз мумкин, аммо Россия паспорти билан чет элга чиқиш жуда қийин бўлиб қолди”, — деди у.
Унинг сўзларига кўра, талаб ортиб бораётгани учун компания хизматлари нархи ошиб бормоқда.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Қирғизистон Аҳолини рўйхатга олиш бошқармаси маълумотларига кўра, 2022 йилнинг январидан сентябрь ойи охиригача Қирғизистон паспортини олиш учун 1 631 нафар Россия фуқароси мурожаат қилган.
Маълум бўлишича, ўтган йили Қирғизистон паспортини олганлар орасида россиялик амалдорлар ва тадбиркорлар ҳамда уларнинг оила аъзолари ҳам бор. Улар хусусий фирмалар ёки бошқа каналлар орқали Қирғизистон фуқаролигини олгани номаълум.
Аҳолини рўйхатга олиш ва фуқаролик масалаларини назорат қилувчи Қирғизистон Рақамли ривожланиш вазирлиги ўтган ой бошида Қирғизистон фуқаролигини олиш учун ҳар топширилган бир аризани “синчиклаб” ўрганиб чиқилишини айтган эди.
Вазирлик аҳолини Интернет орқали Қирғизистон паспортини олиб бериш хизматини таклиф қилаётган “шубҳали” рекламаларга ишонмасликка чорлади.