Қирғиз расмийлари Иссиқкўлдаги яна 15 та оромгоҳни ижарага беришни режалаяпти

Садир Жапаровнинг Фейсбукдаги ўз саҳифасида эълон қилган пансионатлардан бирининг фотоси

Сармоядорлар Иссиқкўл соҳилидаги 15 та пансионатни 49 йилга ижарага олишлари мумкин. Бу ҳақда президент Садир Жапаров Facebook тармоғидаги ўз саҳифаси орқали маълум қилган.

У эски оромгоҳларнинг фотосурат ва видеоларини эълон қилиб, айни пайтда давлат органлари балансида қаровсиз 15 та объект борлигини қайд этган.

Биз бу пансионатларни 49 йилга ижарага берамиз. Маҳаллий бойларни, чет эллик инвесторларни ушбу объектларни олиб, 3, 4, 5 юлдузли меҳмонхоналар қуриш ва ишлашга таклиф қиламан. Сармояларингизни қисқа вақт ичида чиқара оласиз, деб айта олмайман, лекин ишонаманки, 49 йил ичида харажатларингизни 3-4 баравар оқлайсиз”, деб ёзган Садир Жапаров.

У расмийлар нега эски пансионатларни бюджет ҳисобидан таъмирлай олмаслигига ҳам изоҳ берган. Жапаровга кўра, давлатда пул бор, лекин уни узоқ истиқболда даромад келтирадиган бизнесга ётқизишдан маъно йўқ.

Аввалроқ Иссиқкўл қирғоғидаги “Дилором”, “Олтин қум”, “Роҳат” ва “Бўстон” оромгоҳлари 49 йилга Ўзбекистонга ижарага берилгани очиқланган эди. Қайд этилишича, Ўзбекистон ҳар бир пансионатга тахминан 15-20 миллион доллар сармоя киритишни режалаган.

Бу маълумот айрим қирғизистонликларнинг норозилигига сабаб бўлгани ортидан Садир Жапаров “Кабар” давлат ахборот агентлигига берган интервьюсида шу йилнинг май ойида суд Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги келишмовчиликка нуқта қўйганини айтган.

Қирғизистон 2016 йилда мазкур 4 пансионатни ўз тасарруфига олганидан сўнг Ўзбекистон халқаро арбитражга даъво аризаси билан мурожаат қилган. Суд қарорига кўра, Қирғизистон томони Ўзбекистонга 40 миллион доллардан ортиқ тўлаши керак эди. Жапаров қайдича, бу маблағни тўлашга имкон бўлмагани учун Ўзбекистон томони билан пансионатларни ижарага бериш бўйича келишувга эришилган.