Шу йил 11 мартида Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Қирғизистон бизнес-форумида Тошкент вилояти расмийлари билан Бишкекнинг “Индастрил Корпорейшн” вакиллари ўртасида янги инвестиция лойиҳаси юзасидан музокаралар олиб борилган. Бу ҳақда мазкур анжуманда иштирок этган Тошкент вилояти ҳокимининг ўринбосари Жамшид Абдусаломов маълум қилган.
Мулозимга кўра, Тошкент вилояти вакиллари қирғизистонлик тадбиркорлар билан иккита янги йирик лойиҳанинг ташкилий ишлари, ҳамкорлик истиқболлари юзасидан келишув имзолаган.
Келишувга мувофиқ, вилоят ҳудудида Ўзбекистон-Қирғизистон ҳамкорлиги асосида умумий қиймати 1,5 миллион АҚШ долларига тенг йирик чорвачилик комплекси, 1,5 миллион долларлик юқори даражадаги оловга чидамли ғишт маҳсулотлари ҳамда қувурлар ишлаб чиқариш лойиҳаси устида иш олиб борилади.