Тожикистоннинг Жаббор Расулов тумани ва Қирғизистоннинг Лайлак туманлари кесишган чегарада 7 май куни содир бўлган нохуш ҳодисада тожикистонлик фуқаро тан жароҳати олган.
Қирғизистон МХДҚ Чегара хизмати маълумотига кўра, ҳодиса Тожикистон ҳудудида бўлган чўпонлар Қирғизистон ҳудудига ўтиб, қирғиз чегарачилари талабларини эътиборсиз қолдиргани ортидан содир бўлган. Бироқ Жаббор Расулов туманидаги қишлоқ раиси ҳодисани бошқача тасвирлаган.
Қирғизистон МХДҚ Чегара хизмати хабарномасида “7 май куни соат 12:20 ларда Боткен вилоятининг Лайлак тумани Ақбўсўғў аҳоли пункти яқинида Қирғизистон чегара наряди Қирғизистон ҳудудида чорва боқиб юрган тожикистонлик чўпонларни кўриб қолган”и, улар давлат чегараси чизиғидан 250-300 метр ичкарига киргани қайд этилган.
Кейин Тожикистон фуқаролари чегарачиларнинг Қирғизистон ҳудудини тарк этиш талабини эътиборсиз қолдиришгани, устига устак, ҳарбийларга тош ота бошлашгани, “чўпонлардан бири эса Қирғизистон чегара наряди томонга бир неча бор ўқ узган”и маълум қилинган.
Қирғизистон томони маълумотида вазият эскалациясига йўл қўймаслик мақсадида қирғизистонлик чегарачилар осмонга қарата огоҳлантирувчи ўқлар отишгани, шундан кейин чўпонлар Тожикистон ҳудудига қочиб кетишгани айтилган.
“Қирғизистон чегаралари орасида жабрланганлар йўқ. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Тожикистон фуқароларидан бири оёғидан яраланган”, дейилган Қирғизистон Чегара хизмати хабарномасида.
Жаббор Расулов тумани Қўрғонча қишлоқ кенгаши раҳбари Нодир Усмонзода маҳаллий турғун қирғиз чегарачилари томонидан ярадор қилинганини тасдиқлаган.
Озодликнинг тожик хизмати билан 7 май оқшомида қилинган суҳбатда у “Қўрғонча қишлоғида яшовчи Олимжон Абдуллоев оёғидан яраланиб, туман марказий касалхонасига ётқизилган”ини маълум қилган.
“Ҳодиса Олимжоннинг ўғли молини боқишга олиб чиққанида унинг олдидан қирғиз чегарачилари чиқиб, йигитчага эътироз билдиришга киришганидан бошланган. Бундан хабар топган Олимжон воқеа жойига шошган ва икки ўртада юзага келган даҳанаки жанг ортидан оёғидан яраланган. Ҳодиса Қирғизистон ҳудудида эмас, Тожикистон ҳудудида содир бўлган”, деган Усмонзода.
Унинг айтишича, Олимжон ва ўғли чўпон эмас. “Уларнинг ёнида ўқотар қурол бўлган эмас ва шундан келиб чиққан ҳолда. улар ҳеч кимга қарата ўқ узишмаган”, дея таъкидлаган Озодликнинг тожик хизмати суҳбатдоши.
Айни пайтда жароҳат олган шахснинг аҳволи барқарор экани айтилмоқда.
Бу орада Тожикистон МХДҚ Чегара хизмати томонидан 7 май оқшомида тарқатилган хабарномада “Олимжон Абдуллоев ўз ижтимоий мавқеидан (тарих ўқитувчиси) келиб чиққан ҳолда яхши қўшничилик тамойилларига зид келувчи ҳеч қанақа хатти-ҳаракат содир этган эмас. Бироқ унга қарши ўқотар қурол ишга солинган, бунинг натижасида у тан жароҳати олган”, дейилган.
“Ҳозирда қирғиз-тожик чегарасидаги участкада вазият барқарор”, дея маълум қилган Қирғизистон МХДҚ Чегара хизмати. Тожикистонлик чегарачилар хабарномасида эса “мазкур нохуш ҳодиса юзасидан икки мамлакатнинг тегишли органлари текширув олиб борилмоқда, чегарадаги вазият назорат қилиняпти”, дейилган.