Президент Садир Жапаров мустақил матбуотни давлат манфаатлари йўлида ишламаяпти, деб кўп танқид қилади. Охирги интервьюсида у яна икки оммавий ахборот воситаcини танқид қилди. Бунгача прокуратура “Клооп” жамоат фондини тугатиш тўғрисида судга даъво киритган эди. ОАВ экспертлари давлат раҳбарининг бундай айбловларини сўз эркинлигини чеклашга уриниш сифатида баҳоламоқда.
"Экспертларни қўрқитиш"
“Клооп” ва “ПолитКлиника” порталларида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиевнинг яқинлари Жалолободдаги “Барселона” футбол академияси очилишида ва президент ўғлининг Иссиқкўлдаги пансионат қурилишида иштирок этгани ҳақидаги суриштирувлар чоп этилди.
Шундан сўнг президент Садир Жапаров “Кабар” давлат ахборот агентлигига интервью бериб, мустақил матбуотни танқид қилди. Мухбирнинг саволига жавобан у шундай деди:
“Саволингизга жавобимни “Клооп” каби сайтлар таҳририятида ишлайдиган, ўзини мустақил журналист деб атайдиганларга мурожаат қилишдан бошлайман. Сизнинг ёндашувингиз бошиданоқ шундай – қирғизларга фойда эмас, фақат зарар келтириш. Бошқа бунақаси кетмайди. Сиздан бир илтимосим бор: агар Қирғизистон манфаати учун ишлай олмасангиз, ҳеч бўлмаганда ёмонлик қилманг. Фақат салбийни айтиб, ҳамма нарсадан кир қидириб, мамлакатга миллиардлаб сармоя киритишга тайёр бўлган инвесторларни қўрқитяпсиз.”
Ташиевлар ва Жапаровлар имкониятларни мамлакатга келтираётганидан хурсанд бўлсак яхши бўларди. Бир пайтлар давлатни талон-торож қилган, қўлга киритган мол-мулкини чет элга олиб чиқиб, бошқа мамлакатларда миллионлаб долларлик заводлар қурган, у ерда виллалар, квартиралар сотиб олганларни мақтаган эдингиз. Бунинг учун сизга давлат бюджетидан – солиқ тўловчилар чўнтагидан пул тўлашди, шунинг учун ҳам мақташди. Биз сизга одамларнинг пулини бермаймиз. Уларнинг пуллари ўз манфаати учун ишлаши керак!”
Президент Жапаров охирги пайтларда бошқа оммавий ахборот воситаларига интервью бермади. Унинг интервьюси матн шаклида фақат “Кабар” давлат агентлиги томонидан нашр этилади. Одатда давлат раҳбари жамиятда ҳар қандай мавзуда муҳокама бўлса, ҳокимиятга нисбатан танқидлар айтилса, журналистик суриштирувлар чоп этилса, жавоб қайтаради.
“Суриштирув журналистларнинг иши”
Govori ТВ сайти асосчиси Қайиргул Ўрумканова президентнинг сўнгги баёнотлари эркин ОАВ табиатига зид, деб ҳисоблайди.
“Журналист тўғри маълумотни “салбий ва ижобий”га ажратмай, уни тарқатиши, жамиятда бўлаётган воқеаларни ёритиши керак. Маълумотлар “салбий ва ижобий”га ажратилса, у журналист эмас, балки бошқа касб вакили – тарғиботчи бўлиб қолади. Президент, ўз сўзлари билан айтганда, “Кабар” нашрига берган интервьюсида ҳақиқий журналистикани кўришни истамаслигини очиқ айтди. Агар бу гаплар давом этса, яқин келажакда журналистикадан айрилишимиз мумкин. Биз журналистлар жамият ҳаётидаги салбий ҳодисаларни танқид қилиб, ёритиб, ўз вазифамизни аниқ бажарамиз. Бу бизнинг вазифамиз. Ёмонни яшириб, яхшисини бўрттириб кўрсатсак, журналистиканинг кераги йўқ”, дея таъкидлайди Ўрумканова.
Унинг эслашича, дунёдаги эркин оммавий ахборот воситаларининг вазифаси жамиятдаги салбий ҳодисаларни фош этиш, коррупция, қонунбузарликлар ва антидемократик ҳодисалар ҳақида маълумот беришдир.
Бу “watchdog journalism” (назорат қилувчи журналистика) деб аталади ва у шаффофликни таъминлашга қаратилади.
Мавзуга алоқадор "Яна осмон мусаффо". Давлат телеканалидаги "охирги танқидий кўрсатув" ёпилдиЎрумканованинг қайд этишича, танқидга қулоқ солишни истамайдиган ҳукумат бошқарувидаги мамлакатда тўлиқ сўз эркинлиги ҳақида гапириш қийин:
“Яқинда Президент Жапаров БМТ вакили билан учрашувда Қирғизистонда демократия устуворлиги, сўз эркинлиги учун шарт-шароит яратилганини айтди. Бироқ давлат раҳбари “Кабар” агентлигига берган интервьюсида ўз гапини рад этди.
28 август куни маълум бўлишича, 22 август куни Бишкек прокуратураси Бишкекнинг Октябрь туман судига “Клооп” нашрини тугатиш тўғрисида даъво киритган. Айрим ОАВ экспертлари назорат органи буни “юқоридан” кўрсатма бўйича қилган, деб гумон қилмоқда.
Chekit Media платформасининг медиа эксперти ва суриштирувчи журналисти Асел Сооронбаева фикрича, президент Жапаров журналистларга сўз эркинлигини ҳимоя қилиш бўйича берган ваъдасини бузди.
"Журналистлар таъқиб қилинмайди, коррупцияга қарши курашда ёрдам беринг, расмийлар суриштирувларга жавоб беради" деб айтганига ҳали уч йил ҳам бўлгани йўқ. Бу вақт ичида журналистлар ўзгармади. Аммо ҳукуматнинг мустақил ва суриштирувчи журналистларга нисбатан позицияси 180 даражага ўзгарди. Президент журналистларни айблаб, уларни “зараркунанда” деб атади. “Клооп”ни ёпиш ҳақидаги маълумотлар президентнинг айбловларидан кейин пайдо бўлди. Сўз эркинлигига нисбатан мисли кўрилмаган босимлар, ҳақиқатни гапирувчи ва уни халққа етказувчи таҳририятлар ва эркин нашрларга нисбатан таъқиблар бошланди. Уларнинг ҳар бири алоҳида-алоҳида судга тортилаётгани, ижтимоий тармоқларда туҳмат қилинаётганини ва президент ҳам интервьюда шарт қўйганини кўряпмиз.”
Жапаровнинг мустақил журналистларни танқид қилганидан сўнг, айримлар унинг президентликка сайланишидан олдин айтган сўз эркинлигини сақлаб қолиш ҳақидаги ваъдасини эсламоқда.
Садир Жапаров президент вазифасини бажарувчи сифатида фаолият юритар экан, сайлов олдидан матбуот анжумани ўтказиб, ўз фикрини очиқ билдирганларни таъқиб қилмаслик кераклигини таъкидлаганди.
“Ҳеч қандай сиёсий таъқиб бўлмайди. Мен битта ҳам журналистга тегилмаслигини ва ҳар ким ўз фикрини очиқ айтиши мумкин бўлган шароит яратиб беришимизни талаб қилдим. Ҳибсга олиш ва таъқиб қилиш муаммони ҳал қилмайди”.
Мавзуга алоқадор Қирғизистонда Рамзан Қодировнинг танқидчиси ушланди"ОАВ мухолифат бўлмаслиги керак"
Аммо мамлакатда сўз эркинлиги чекланмаган, мустақил нашрлар, журналистлар эркин фаолият юритади, деб ҳисоблайдиганлар ҳам бор.
Сиёсатшунос, Давлат бошқаруви академияси президенти Алмазбек Акматалиев оммавий ахборот воситалари нейтрал позицияда бўлиши кераклигини таъкидлайди. У айрим оммавий ахборот воситаларини мухолифат ролини ўйнашни тўхтатиб, тўғри ва мувозанатли ахборот беришга чақирди.
“Марказий Осиёнинг ҳеч бир давлатида биз каби сўз эркинлиги йўқ. Мен буни анчадан бери айтаман. Суриштирувчи журналистлар ўз ишини қилади. Ҳеч ким уларни безовта қилмайди. Лекин энг муҳими холис бўлиш. Биз уларнинг текширувлари жамиятга қандай таъсир қилишига эътибор қаратишимиз керак. Жамоат хавфсизлиги ва махфийлик каби тушунчалар бор. Буни инобатга олиб, ҳукуматга мухолифат сифатида эмас, нейтрал позициядан қаралиши керак. Асосийси, суриштирувчи журналистларнинг нияти яхши бўлиши керак”, дейди Акматалиев.
Сўнгги икки-уч йил ичида ижтимоий тармоқларда ҳукумат амалдорларининг соядаги фаолиятини ўрганаётган нашрлар ва журналистларга нисбатан тазйиқ ва ҳужумлар кўпайган.
2021 йилда Youtube'даги “Темиров LIVE” канали асосчиси, “Садир Жапаров ва ярим миллиардлик тендер” ва “Қандай қилиб икки кунда 37 миллион сўм топиш мумкин? Садир Жапаров ва Ташиевлар схемаси” номли суриштирувларни эълон қилган Болот Темиров ва унинг ҳамкасби, шоир Болот Назаров гиёҳванд моддалар савдосида айбланиб, ҳибсга олинди.
Кейинчалик Болот Темировга яна иккита модда – “Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш” ва “Ҳужжатларни қалбакилаштириш” моддалари қўшилди. Натижада ўтган йилнинг 23 ноябрида Бишкек шаҳар суди қарори билан Болот Темиров мамлакатдан мажбуран чиқариб юборилган эди.
Маълумки, расмийларга алоқадор шахслар ва уларнинг яқинлари устидан суриштирув олиб борувчи “Клооп”, “Chekit Media”, “ПолитКлиника” каби нашрлар давлат телеканаллари томонидан ҳужумга учраган ёки ижтимоий тармоқларда туҳмат қилинган.
Давлат идоралари босими “Азаттик Медиа”ни ҳам четлаб ўтмади. Ўтган йилнинг октябрь ойидан бери муассаса веб-сайтлари блокланган, банк ҳисоблари эса музлатилган. Шу йилнинг апрель ойида туман суди унинг фаолиятини тугатишга қарор қилган. Кейинроқ Бишкек шаҳар суди бу қарорни бекор қилди, сайт ва банк ҳисоблари блокдан чиқарилди.