Қирғизистон: Арслонбобда касалхона ва уйлар сув остида қолди

Иллюстратив сурат

Қирғизистон жанубидаги Жалолобод вилояти Бозорқўрғон тумани Арслонбоб қишлоғида 23 июль куни кузатилган сел оқибатида қатор инфратузилма объектларига шикаст етган. Бу ҳақда Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумот тарқатди.

Вазирлик қайдича, табиий офат натижасида 9 уй, касалхона, савдо уйи, бешта кўприк, қишлоқ ичидаги йўлнинг бир километри сув остида қолган. Тошқин 23 та автомобилни оқизиб кетган. Айни пайтда ФВВ автомобиль эгаларини аниқламоқда.

Вазирлик сел оқибатларини бартараф этиш учун 210 киши ҳамда махсус техника жалб қилинганини маълум қилган.

Қишлоқ аҳолиси орасида жабрланган ёки бедарак кетганлар ҳақида маълумот йўқ.

Бозорқўрғон туманидан ташқари 23 июль куни Ўш вилоятининг Новқат туманида ҳам сел-тошқин ҳодисалари кузатилган. ФВВ сел Қорақўй ва Қалдай қишлоқларидаги Мурдачи яйлови томонидан келганини маълум қилган. Тошқин натижасида икки ўтов Тельман - Қорақўй йўлининг 25 километрини сув босган, бунинг натижасида автойўл ёпилиб қолган.

Сўнгги ойларда Қирғизистон жанубида бир неча бор шиддатли жала ва сел келиши ҳодисалари кузатилди, табиий офатлар натижасида ўнлаб одам нобуд бўлди ва кўплаб уйлар сув остида қолди.

Сел-тошқин ҳодисаларининг сўнггиларидан бири бундан ўн кун муқаддам Ўш шаҳрида кузатилиб, ўшанда марказий бозор ҳамда Оқбура дарёси қирғоғидаги объектларни сув босган. Бундан ташқари, 14 июлдаги тошқин беш кишининг ўлимига сабаб бўлган.