Қирғизистон Туркманистон ва Ўзбекистондан электр энергияси импорт қилишни тўхтатди. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизматига энергетика вазири Досқул Бекмурзаев маълум қилган.
Вазирга кўра, бу ҳолат электр энергиясига бўлган ички эҳтиёжни қоплашга салбий таъсир кўрсатмайди.
Мулозим импорт тўхтатилишига Марказий Осиё ягона энергия ҳалқасида куни кеча содир бўлган авария сабаб бўлганини қайд этиб, авария оқибатлари бартараф этилгач, импорт қайта тикланишини қўшимча қилган.
Минтақа энерготизимида 25 январь куни йирик авария содир бўлгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилган. Бунинг ортидан Қирғизистоннинг қарийб барча ҳудудлари, Қозоғистон жануби ва Ўзбекистоннинг катта қисми бир неча соат электрсиз қолган. Авариядан кейиноқ мамлакатлар бирлашган энергия ҳалқасидан узилиб, ўз ҳудудларида автоном электр таъминотини йўлга қўйишга қарор қилишган.
Қирғизистон расмийлари Тўқтоғул сув омборидаги сувни тежаш мақсадида 2021 йили айирбошлаш ва тўғридан-тўғри харид йўли билан Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистондан 2 миллиард кВт/соатдан кўпроқ электр энергияси импорт қилган. Бу йил Бишкек ўз қўшниларидан янада кўпроқ (3 миллиард кВт/соат) электр сотиб олишни режалаган.