Қирғизистон: Айрим тижорат банклари Россия билан пул жўнатмаларини тўхтатди

Иллюстратив сурат

Қирғизистондаги “Мбанк” ва “Элдик Банк” (РСК банк) тижорат банклари Россиядан рублдаги пул жўнатмалари тўхтатилганини маълум қилишди. Банклар бу қарорни АҚШ Молия вазирлиги томонидан Москва биржаси, Россия Миллий клиринг маркази ва Миллий ҳисоб-китоб депозитарийсига нисбатан киритилган санкциялар манзарасида қабул қилишган.

“Мбанк” вакиллари “курс волатиллиги ва валюта бозоридаги кескин тебранишлар эҳтимоли туфайли” рублдаги ҳисобрақамлари ва карталар бўйича ҳисобни тўлдириш, пул жўнатмалари ва конвертация тўхтатилганини маълум қилишган. Банк қайдича, мижозларнинг рубль ҳисобрақамларидаги барча маблағлари тўлиқ сақланиб турибди. “Мбанк” Қирғизистоннинг Россия банклари билан фаол ҳамкорлик қилувчи тижорат банкларидан бири бўлиб ҳисобланади.

“Банк мижозлари банк филиалларида пулларини ечиб олишлари мумкин, кассаларда Россия рубли ечиб олинишига чеклов йўқ”, дея қўшимча қилинган банк хабарномасида.

Ўз навбатида “Элдик Банк” вакиллари техник ишлар амалга оширилаётгани муносабати билан Astrasend, “Юнистрим”, Contact, “Золотая Корона” ва “Сбербанк Онлайн” тизимлари орқали пул жўнатмалари тўхтатилганини маълум қилган. Бунга оид бошқа тафсилот келтирилган эмас.

Бундан ташқари, АҚШ санкциялари киритилгани манзарасида Қирғизистон Миллий банкида МБ раиси ўринбосари Қайип Куленбековнинг тижорат банклари вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтган, унда валюта бозоридаги жорий вазият муҳокама қилинган.

Қирғизистон Миллий банки маълумотига кўра, 2023 йилда халқаро пул жўнатмалари тизимлари орқали Қирғизистонга 165 миллиард сўмдан кўпроқ (1,9 млрд АҚШ доллари атрофида) пул ўтказилган. Бу маблағнинг 125,5 миллиард сўми (тақрибан 1,44 млрд доллар) Қирғизистонга келиб тушган, 39,8 миллиард сўми (қарийб 475 млн доллар) эса хорижга йўлланган.

Пул жўнатмалари тизимлари орасида мижозлар энг кўп “Золотая Корона” ва “Юнистрим” операторлари хизматларидан фойдаланишган.