Қирғизистон: Бир неча партия парламент сайлови натижаларини тан олишдан бош тортди

Қирғизистондаги парламент сайлови натижаларидан норози партиялар вакилларининг Бишкекда ўтган матбуот анжуманидан лавҳа

Қирғизистонда 28 ноябрь куни бўлиб ўтган парламент сайлови иштирокчилари бўлмиш “Ата Мекен”, “Азаттиқ” ва “Улуттар биримдиги” партиялари вакиллари сайловнинг дастлабки натижаларини тан олишдан бош тортишди. Улар сайлов натижаларини бекор қилиш ва МСК сайтида автоматлаштирилган овоз ҳисоблаш тизимида юз берган носозлик юзасидан текширув ўтказишни талаб қилишмоқда.

Душанбага ўтар кечаси Бишкекда ўтказилган матбуот анжуманида мазкур партиялар вакиллари расмийларни сайлов чоғида “яроқсиз бюллетенлардан фойдаланганлик” ва “мухолифат партияларини парламентга киритмаслик учун ҳаммага қарши берилган овозлар миқдорини кўпайтириб қўйганлик”да айблашган.

Марказий сайлов комиссияси сайтида 28 ноябрь оқшомида кузатилган носозликни МСК раиси Нуржан Шайлдабекова техник муаммо билан изоҳлаган. Маълумотлар сайтда қайта акс этган пайтда овозлар миқдори камайиб қолгани кузатилган.

Сайловнинг дастлабки натижаларига кўра, парламентга “Ата-Журт Кыргызстан” (16,85 фоиз), “Ишеним” (13,40 фоиз), “Интимақ” (10,74 фоиз), “Альянс” (8,12 фоиз) , “Бутун Қирғизстан” (6,70 фоиз) ва “Ийман Нуру” (5,98 фоиз) партиялари ўтган.

Парламент сайловида овоз бериш якунланганидан кейин президент Садир Жапаров чиқиш қилиб, сайлов “адолатли ва қонуний” ўтганини билдирган. Унга кўра, сайлов ортидан тинчлик ва барқарорликни асоссиз бузишга ҳаракат қилганларга қарши “кескин чоралар” кўрилади.

Қирғизистонда якшанба куни ўтказилган парламент сайлови ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.