Марказий Осиёда йўқолиб бораётган "демократия ороли": Қирғизистонда мухолифат қандай бостириляпти?

Қирғиз мухолифатига кўра, президент Садир Жапаров мамлакатни Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси (ДМХҚ) раҳбари Қамчибек Ташиев билан тандемда бошқармоқда.

Қирғизистонда маҳаллий вакиллик органларига сайловлар олдидан мухолиф сиёсатчиларнинг ҳибсга олиниши, президент Садир Жапаров режимига ҳатто сиёсий рақобатга ишора қилишга ҳам йўл қўйилмаётган муҳитга тўла мос келади.

Қирғизистонда ўтган дам олиш кунларида бўлиб ўтган маҳаллий кенгашларга сайловлар арафасида мухолифатдаги "Социал-демократлар" партияси етакчилари қамоққа олинди. Уларни ҳибсга олишдан аввал, овоз беришдан бир неча кун олдин партия идораларида тинтув ўтказилган.

Партия раиси Темирлан Султонбеков ва сайловолди штаби раҳбари Ирина Карамушкина овозларни сотиб олишда гумон қилиниб ҳибсга олинди.

"Социал-демократлар" партияси партия раҳбариятига қарши жиноят иши туфайли Бишкек шаҳар кенгашидаги ўринлар учун курашдан четлатилди. Бу воқеа Қирғизистон режимининг плюрализмга бўлган аллергиясининг яна бир белгиси сифатида баҳоланмоқда.

Президент Садир Жапаров ва унинг иттифоқчилари ҳокимият тепасига келганидан кейинги тўрт йил ичида Қирғизистоннинг Марказий Осиёдаги "демократия ороли" сифатидаги обрўси кетма-кет зарбалар остида қолди. Мамлакатда оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти ва сиёсий мухолифларга нисбатан қатағон авж олди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

14 йилда очилган чeгаралар

Сиёсий соҳада бу тенденция Қирғизистондаги анъанавий ёрқин ва қизғин сайловлар тез орада қўшни мамлакатлардаги сайловларга ўхшаб қолиши мумкинлиги хавотирини келтириб чиқарди.

ТАНДЕМ

55 ёшли Жапаров 2020 йилда сайловдан кейинги норозилик намойишлари тўлқинида ҳокимият тепасига келганди. Ўша намойишлар бошланишидан олдин у ўзи сиёсий сабабларга кўра деб ҳисоблаган айблов билан қамоқда ўтирган эди.

У "қамоқхонадан президентликка" кескин кўтарилди: 2021 йил январида Жапаров сайловларда ишончли ғалабага эришди.

Бу пайтга келиб, у мамлакатни амалда бошқарарди ва бир нечта кучли номзодлар унга қарши чиқмасликка қарор қилишди. Лекин сайлов барибир рақобатли муҳитда ўтди.

У президентлик курсиси учун 16 номзод билан курашди, уларнинг баъзилари уни қаттиқ танқид қилган, биттаси эса миллий телевидениенинг жонли эфирида уни коррупцияда айблаган эди.

Ўшандан буён содир бўлган барча воқеалар ҳозирги раҳбарият даврида бундай сайловлар бошқа бўлмаслигидан далолат бермоқда.

Жапаровни коррупцияда айблаган номзод – Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раиси Абдил Сегизбоев ҳокимиятни суиистеъмол қилишда айбланиб, бир йилдан кўпроқ вақт қамоқда ўтирди. Уни сайловдан кейин қамоққа олишган. Сегизбоев билан боғлиқ видеони қайта тарқатган ёш блогер бир неча ой қамоқхонада сақланди.

Жапаров билан рақобатлашган бошқа бир неча номзод ҳам қамоққа ёки уй қамоғига ташланди.

Парламент ҳам ўз кучини йўқотди.

2021 йилги президентлик сайловларида иккинчи ўринни эгаллаган Адахан Мадумаров 2023 йилда давлатга хиёнат қилишда айбланиб, депутатлик мандатидан маҳрум этилди ва қамоққа ташланди.

Харизматик ва Youtube’да машҳур, диний гуруҳлар билан яқин алоқада бўлган сиёсатчи Нуржигит Қодирбеков қонун чиқарувчи органдаги мандатидан воз кечди.

Қодирбеков ва у раҳбарлик қилаётган "Иймон нури" партияси камдан-кам ҳолларда ҳукуматни танқид қилар ва мухолифатга алоқадорлиги эҳтимоли паст.

Бироқ уларнинг машҳурлиги хавф туғдириши мумкин эди.

Халқаро республика институти томонидан молиялаштирилган кўплаб сўровлар шуни кўрсатдики, Қодирбеков Жапаров ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХК) раиси Қамчибек Ташиевдан кейин учинчи энг машҳур сиёсатчи ҳисобланади. Жапаров Ташиев билан амалда тандемда мамлакатни бошқармоқда.

Қодирбеков бир пайтлар ўзи бошқарган хайрия жамғармасида эҳтимолий бухгалтерия қоидабузарликлари бўйича тўсатдан тергов бошланганидан кейин парламентни жимгина тарк этди.

Расмийлар таъкидлашича, жамғарма Туркия ҳукумати томонидан диний таълимни молиялаштириш учун ажратилган миллионлаб доллар ҳақида тегишлича ҳисобот бермаган. Қодирбеков қамоққа олинмади.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Ҳужжатли фильм: Суви камайиб қолган дарёлар, қуриб ётган далалар

МАҲАЛЛИЙ СИЁСАТ

Маҳаллий кенгашларга ўтказиладиган сайловлар парламентга сайловлар каби муҳим эмас.

Жапаров томонидан амалга оширилган марказлаштириш ислоҳотлари туфайли уларнинг аҳамияти янада пасайди.

2021 йилда янги Конституция қабул қилингач, парламентнинг бир қисм ваколатлари ижро ҳокимиятига ўтди. Худди шунингдек, шаҳар кенгашлари ҳам ўз ваколатларини йўқотди, энди улар мэрларни сайламайди.

Мэрларни президент тайинлайдиган бўлди. Шаҳар раҳбарлари сиёсий жиҳатдан марказга илгаригидан ҳам кўпроқ қарам бўлиб қолди.

Бироқ партиялар ва сиёсатчилар ҳамон кенгашларда, айниқса пойтахт Бишкек ва мамлакат жанубидаги Ўш шаҳрида ўрин олишга интилмоқда.

17 ноябрдаги сайловларда мамлакат бўйлаб жами 40 га яқин партия ва 5 мингдан ортиқ номзод иштирок этди.

Бишкекдаги сайловга қўйилмаган "Социал-демократлар" партияси ҳудудлардаги сайловларда қатнашди ва беш шаҳарда шаҳар кенгашларига ўтиш учун 5 фоизлик тўсиқни енгиб ўтди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

“Кўча”га қарши рейдлар: Қирғизистонда машҳур бўлган Салимбой

Партия қайта рўйхатдан ўтганидан (илгари у Қирғизистон Социал-демократик партияси деб аталган) ва ўзгаришлардан кейин ҳам таниқли ҳисобланади. У бир неча йил давомида Қирғизистоннинг ҳукмрон партияси бўлган ва ҳамон собиқ президент Алмазбек Атамбаев билан яқин алоқада.

Бироқ тарих шуни кўрсатадики, Қирғизистон сиёсий партиялари раҳбарияти жиддий босим остида қолганда ўз мавқеини йўқотади.

Халқаро республика институти ёрдамида 2023 йил май ойида ўтказилган сўров натижаларига кўра, энг оммавий партия сифатида эътироф этилган "Иймон нури" партияси Бишкек ва Ўш шаҳар кенгашлари сайловларида иштирок этмади. У фақат олтита шаҳардаги сайловларда қатнашди.

Адахан Мадумаровнинг "Бутун Қирғизистон" партияси фақат мамлакат жанубидаги Кербен шаҳар кенгашига ўтказилган сайловларда иштирок этди ва минимал чегарадан зўрға ўтди.

Ҳозирча "Социал-демократлар" партиясини овозларни сотиб олишда айблашга асосий далил сифатида Карамушкина ва унинг ҳамкасби ўртасидаги телефон суҳбати кўрсатилмоқда, бу суҳбат қандайдир йўл билан интернетга тушиб қолган.

Суҳбат оддий кўринади. Суҳбат иштирокчилари пул тарқатиш ҳақида гаплашади. Собиқ президентнинг ўғли ва партиянинг юқори лавозимли аъзоси Қодир Атамбаевнинг таъкидлашича, унинг партия аъзолари сайловолди штаби фаолларига тўловларни муҳокама қилган.

Хабарларга кўра, партиянинг 26 ёшли раҳбари Султонбеков 13-14 ноябрь кунлари 20 соатдан ортиқ сўроқ қилинган.

Ўтган ҳафта парламентда сўзга чиққан Жапаровнинг иттифоқчиси Ташиев "Социал-демократлар" партияси фаоллари овозларни "бевосита" сотиб олишга жалб қилинганини айтди.

Яқинда сайловларга ҳукумат аралашуви даври ўтганини ваъда қилган Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси бу даъвони тасдиқлаш учун ҳеч қандай далил келтирмади.

Воқеаларга изоҳ берар экан, Қирғизистонда 2023 йилда блокланган Kloop суриштирув ва янгиликлар нашри ҳаммуассиси, журналист Ринат Тухватшин, Қирғизистон амалдорлари "нафақат ушбу унча аҳамиятли бўлмаган сайловларга, балки ҳозирги тузум шароитида ўтказиладиган ҳар қандай келгуси сайловларга ҳам ишончни йўқотишга эришганини" ёзди.

Бу жуда ҳалокатли, чунки "барча муаммоларга қарамай, [сайловлар] жамиятимизнинг муҳим институти бўлиб қолаверган эди," деб таъкидлади Тухватшин.