Ўзбек-қирғиз чегарасидаги “Дўстуқ-автодорожний” назорат-ўтказиш масканида мансабдор шахслар чегарадан ўтаётган фуқаролардан мунтазам равишда пул талаб қилиб келганлар. Бу ҳақда 24.kg ахборот агентлиги Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасидан (МХДҚ) олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Қайд этилишича, Чегара хизматининг айрим раҳбарлари ҳимоясида ҳаракатланган бу шахсларнинг асосан қурбонлари Ўзбекистон фуқаролари ҳамда юк ташийдиган машиналар ҳайдовчилари бўлган. Мазкур факт Қирғизистон Жиноят кодексининг “Бир гуруҳ шахслар томонидан пора олиниши” моддаси бўйича Жиноят ва қилмишлар ягона реестрида қайдга олинган.
МХДҚ хабарномасида 19 октябрь куни “Дўстуқ-автодорожний” НЎП бошлиғи А.Э., МХДҚ Чегара хизматининг Ўш вилояти бўйича бошқармаси раҳбари Ч.Н. ҳамда МХДҚ Чегара хизмати бош штаби раҳбари К.Б. қўлга олингани ва қўмитага қарашли Ўшдаги вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилгани билдирилган.