Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятида кузатилган шиддатли сел туфайли бир неча қишлоқдаги уйларни сув босди. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Қутқарувчилар маълумотига кўра, табиий офат туфайли Булан-Сўгўтту, Кўрумду, Темировка қишлоқлари ва “Иссиқкўл Аврора” пансионати жабр кўрган.
Вазирлик селдан энг кўп Темировка қишлоғидаги уйлар зарар кўргани, у ерда 100 дан ортиқ уй сув остида қолганини билдирган. Шунингдек, Тўнг туманининг Ақсай қишлоғи ва Жетиўгуз туманининг Қизилсув қишлоғида уйлар сув остида қолгани айтилмоқда. Бундан ташқари, вилоятда бир неча йўл ёпилган.
Сел ортидан президентнинг вилоятдаги вакили Уланбек Далиев 19 август куни тошқин оқибатларини бартараф қилиш бўйича мажлис ўтказган. У сел ҳодисаси рўй берган қишлоқларда вазиятни назорат қилиш учун мазкур қишлоқларга фуқароларни ҳимоя қилиш тизимидан куч ва воситалар жалб қилиш топширилганини билдирган.
18 август оқшомида тинимсиз қуйган жала Чўлпонота шаҳридаги Тўғузбулақ сел каналидан сув тошиши хавфини юзага келтиргани маълум бўлган. 19 августга келиб эса вилоятнинг Иссиқкўл ва Тўнг туманларида фавқулодда ҳолат тартиби жорий этилган.
2024 йил бошидан буён Қирғизистонда сел тошқини туфайли 25 киши нобуд бўлган. Аввалроқ мамлакат жанубидаги Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятларида сел ва тошқин ҳодисалари содир бўлган эди.
ФВВ маълумотига кўра, 2024 йилнинг олти ойи ичида Қирғизистонда табиий офат ва техноген ҳодисалардан кўрилган зарар миқдори 1 миллиард 900 миллион сўмни (22 миллион доллардан кўпроқ) ташкил қилган.