Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги “Азаттиқ Медиа” сайти ишини икки ойга тўхтатиб қўйди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Қайд этилишича, мазкур қарор “Настояшчее Время” телеканали (Озод Европа/Озодлик радиоси ва “Америка овози”нинг қўшма лойиҳаси) лавҳасига жавобан қабул қилинган.
Вазирлик нақлича, “Қирғизистон билан Тожикистон чегарасидаги оғир жанглар” деб номланган лавҳада “Боткен вилоятидаги воқеаларни ёритишда адоват тили унсурлари, Қирғизистон томонидан гўё Тожикистонга ҳужум қилингани ҳақида тасдиқланмаган маълумот, жамиятдаги вазиятни таранглаштирувчи ҳамда фуқаролар ўртасида нафрат, дискриминация ва ихтилофни юзага келтирувчи ахборот” мавжуд.
Аввалроқ “Азаттиқ Медиа” муассасасига Маданият вазирлигидан хат келгани, унда вазирлик 24 соат ичида “Настоящее время. Азия” YouTube-каналидан “Қирғизистон билан Тожикистон чегарасидаги оғир жанглар” номли бевосита эфир видеосини олиб ташлашни талаб қилгани ҳақида хабар қилинган. Вазир ўринбосари Надирбеков имзоси билан келган хатда материал “жамиятдаги вазиятни таранглаштиради ва мамлакат обрўсига путур етказади”, дейилган.
Озод Европа/Озодлик радиоси медиакорпорацияси президенти Жейми Флай ўз баёнотида RFERL воқеаларни мавзун ёритиш бўйича ўз мажбуриятига жиддий ёндошишини қайд этган.
“Биз мазкур материал мазмуни билан танишиб чиқдик ва у ерда бизнинг стандартларимиз бузилгани бўйича ҳеч нарса топмадик. Биз мавзун материалларни сайтларимиздан ўчиртириш мақсадида хоҳ Кремль томонидан, хоҳ Қирғизистон ҳукумати томонидан бўладиган босимга бўйин эгмаймиз”, дея билдирган Жейми Флай.
Таҳририят сайт муштарийлари уни VPN-хизматлар орқали очишлари мумкинлигини маълум қилган.
“Озод Европа/Озодлик радиоси” нотижорат, мустақил корпорациясининг қирғиз хизмати Қирғизистонда “Азаттиқ Медиа” муассасаси дея расман рўйхатга олинган. “Азаттиқ” Қирғизистон ва дунёдаги воқеаларни, ижтимоий ҳаёт ва демократик ҳодисаларни холис ёритиб, ўз материалларини телевидение, радио, Интернет ва ижтимоий медиа орқали тарқатиб келади.