Қирғизистон: Маданият вазирлиги мамлакат ҳудудида TikTok’ни блоклашга қарор қилди

Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги мамлакат ҳудудида TikTok хизмати фаолиятини тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилган. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати вазирлик матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, бу қарорга “болаларнинг руҳан ривожланиши ва саломатлигига салбий таъсир кўрсатаётган TikTok ижтимоий тармоғининг зарарли таъсири бўйича” қатор ноҳукумат ташкилотларидан тез-тез хавотирли мурожаатлар келиб тушаётгани сабаб бўлган.

Мазкур ижтимоий тармоқ контенти юзасидан мониторинг ўтказган вазирлик унда болаларнинг соғлиғи ва ривожланишига зарар етказувчи маълумот бўйича чеклов ҳамда ёш тоифасига қараб назорат функцияси йўқлигини аниқлаган. Ўша хулосалар асосида Маданият вазирлиги Қирғизистонда TikTok фаолиятини тақиқлашга қарор қилган ва амалий чора кўрилиши учун қарор матнини Рақамли ривожланиш вазирлигига йўллаган.

Озодлик шу йил февралида парламент депутати Шайлообек Атазов Қирғизистонда TikTok ижтимоий тармоғини блокировка қилиш таклиф қилгани ҳақида ёзган эди. Депутат иддаосича, TikTok ўсиб келаётган авлодга салбий таъсир кўрсатяпти ва у миллий мафкурага зиддир. Ўшанда у Маданият вазирлигини мазкур ижтимоий тармоққа эътибор қаратишга чақирган.

Атазовдан олдин Қирғизистонда TikTok’ни блоклаш чақириғи билан депутатлар Надира Нарматова ва Жанибек Қидиқбаев ҳам чиқиш қилишган.

TikTok Марказий Осиё минтақасидаги мамлакатлар дохил кўплаб ўлкаларда кенг тарқалган, қисқа видеоларни жойлаш ва томоша қилишга мўлжалланган ижтимоий тармоқдир. Дунёда энг кўп юклаб олинадиган иловалардан бири бўлган TikTok Хитойнинг ByteDance ширкатига қарашли.