Қирғизистон муфтияти байроқ ёқилишига муносабат билдирди

Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси биноси

Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси (ҚМДБ) Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманида қишлоқ ҳукумати ва икки мактаб биносида давлат байроқлари ёқилиб, улар ўрнига арабча ёзувли оқ матолар осиб кетилгани билан боғлиқ ҳолатга муносабат билдирди.

ҚМДБ матбуот хизмати томонидан ёйинланган мурожаатномада Қирғизистоннинг мустақил ва суверен давлат эканини исботловчи асосий аломатларга байроқ, герб ва мадҳия кириши, бу қадриятлар ҳурмат қилиниши зарурлиги қайд этилган.

“Диний қадриятлар, миллий сарват, эркинлик рамзи бўлган қизил байроғимизни иззат қилиш билан халқимизнинг бир бутунлигига, ватанимиз тинчлигига, давлатимизнинг қудратли бўлишига барчамиз биргаликда ҳисса қўшайлик", дейилган муфтият мурожаатномасида.

Давлат байроқларнинг ёқиб юборилиши билан боғлиқ нохуш ҳодиса 30 май куни Сузоқ туманининг Бекобод қишлоғида содир бўлган. Маълумотларга кўра, байроқлар 4- ва 88-ўрта мактаблар дарвозаси олдида ҳамда Отабеков қишлоқ ҳукумати биносига кириш жойида ёқилиб, улар ўрнига арабча ёзувли оқ матолар осиб кетилган.

Жалолобод вилояти ИИБ маълумотига мувофиқ, содир бўлган воқеа ҳақида Сузоқ туман милициясига соат 04:15 ларда маҳаллий турғунлардан бири хабар қилган. Қишлоқ турғунлари Озодликнинг қирғиз хизмати мухбирига мазкур ҳодисадан кейин ҳуқуқ-тартибот идоралари хавфсизлик чоралари ва тушунтириш ишларини кучайтирганларини айтишган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотига кўра, 31 май куни мазкур қишлоқда “Ҳизбут-Таҳрир” гуруҳига аъзоликда гумонланган 6 киши қўлга олинган. Бу диний-экстремистик ташкилот фаолияти Қирғизистонда 2003 йили суд қарори билан тақиқланган. Қўлга олинганларнинг давлат байроғи ёқилишига алоқаси борми-йўқми — аниқлик киритилган эмас. Маҳаллий ИИБ гумонланувчилар қидирилаётганини билдирган.