Қирғизистон Мусулмонлар идораси уламолар кенгаши Ғазо секторидаги воқеалар муносабати билан ижтимоий тармоқларда ёйинланаётган турли чақириқлар юзасидан баёнот тарқатди, дея хабар қилди Озодликнинг қирғиз хизмати.
Қайд этилишича, мазкур чақириқлар олимлар томонидан ўрганиб чиқилган.
“Натижада биз диндош биродарларимиз ва опа-сингилларимизга берадиган ёрдамимиз маънавий ва моддий бўлиши керак, деган хулосага келдик. Шунинг учун биз руҳий туғёнга берилиб, якка тартибда ёки уюшган гуруҳлар билан жиҳод мақсадида Фаластинга бориш шариатга мувофиқ эмас, деб ҳисоблаймиз”, дейилган ҚМИ баёнотида.
Шу билан бирга, Қирғизистон Мусулмонлар идораси Исроилнинг Ғазодаги хатти-ҳаракатини қоралаб чиққан.
Аввалроқ Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги уруш муносабати билан провокацион баёнотлар берилаётгани юзасидан огоҳлантириш тарқатган эди. Махсус хизмат хорижий давлат ҳудудидаги қуролли тўқнашувларда иштирок этганлик ёки террористик тайёргарликдан ўтганлик учун мамлакат қонунчилигида жиноий жавобгарлик кўзда тутилганини эслатган.
Жорий йилнинг 7 октябрь куни ҲАМАС радикал гуруҳи Исроил жанубига ҳужум уюштиргани оқибатида 1400 дан зиёд исроиллик ҳалок бўлган. Исроил ҲАМАСни буткул йўқ қилиш мақсадида уруш бошлаганини эълон қилган. ҲАМАС назорати остидаги Ғазо сектори Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ўтган бир ой ичида секторда 10 минг нафардан зиёд фаластинлик ҳаётдан кўз юмган.