Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари 2010 йил июнь воқеалари чоғида Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманида Ички ишлар вазирлиги ходимини ўлдирганликда гумонланаётган икки нафар шахсни қўлга олишган. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати МХДҚ матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Махсус хизмат хабарномасида қўлга олинганлар “Жалолобод вилоятидаги оммавий тартибсизликларда фаол иштирок этган”и, бироқ 2011 йилда уларнинг шахсини аниқлашга муваффақ бўлинмагани билдирилган.
“Қайта очилган жиноят иши доирасида қўлга олинган шахслар Қирғизистон МХДҚнинг Жалолобод вилояти бўйича бош бошқармаси тергов ҳибсхонасига олиб кириб қўйилди”, дейилган қўмита хабарномасида.
МХДҚ 2010 йил июнь воқеалари чоғидаги оммавий тартибсизликларда иштирок этганликда гумонланганларга нисбатан жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетмаслигини эслатган.
Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод вилоятларидаги миллатлараро тўқнашувлар 2010 йилнинг 10 июнида бошланиб, бир неча кун давом этган. Ўша пайтдаги қонли воқеалар натижасида 446 киши нобуд бўлган, 2 минг чоғли одам яраланган, 57 одам бедарак кетган. Маълумотларга кўра, бедарак йўқолганларнинг 17 нафари бугунгача топилмаган.
Халқаро экспертлардан иборат мустақил комиссия бу низо “қирғиз ҳукуматнинг этномиллатчиликка асосланган сиёсати маҳсули экани” тўғрисида хулосага келган. Аммо Қирғизистон парламенти бу хулосадан норози бўлиб, комиссия раиси Киммо Килюненни мамлакатда “исталмаган шахс” сифатида эълон қилганди.
Июнь воқеалари ортидан 100 дан зиёд одамга нисбатан қидирув эълон қилинган. Тўқнашувларни уюштирганликда гумонланган 37 киши Интерпол орқали халқаро қидирувга берилган.
2010 йил июнь воқеалари бўйича шу пайтгача 545 киши жиноий жавобгарликка тортилган. Улардан 400 нафари ўзбек, 133 нафари қирғиз ва саккиз нафари бошқа миллат вакилларидир.
Хьюман Райтс Уотч ташкилотининг 2010 йилги ҳисоботида Ўш қирғини кунлари одам ўлдирганликларда айбланиб, бир умрга қамалган 30 кишининг 28 нафари ўзбек экани айтилган.