Қирғизистон МХДҚ: Ўшда “Ҳизбут-Таҳрир”нинг Ўзбекистон бўйича масъули қўлга олинди

Қирғизистон жанубидаги Ўш шаҳрида “Ҳизбут-Таҳрир” диний-экстремистик ташкилотининг Ўзбекистондаги фаолияти бўйича масъули қўлга олинган. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

“2021 йилнинг 4 ноябрь куни Ўш шаҳри ҳудудида “Ҳизбут-Таҳрир” диний-экстремистик ташкилотининг Ўзбекистон бўйича фаолияти учун масъул бўлган ва Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қидирилаётган Ш.Ш. ушланди. У ўз маслакдошлари билан биргаликда Қирғизистоннинг жанубий ҳудудларида “Ҳизбут-Таҳрир” тузилмаларини барпо қилиш ва мустаҳкамлаш бўйича яширин фаолият олиб бориш билан ҳам актив шуғулланган”, дея иддао қилинган МХДҚ хабарномасида.

Қирғизистонлик чекистлар қўлга олинган шахс Қирғизистон ҳудудида сохта ҳужжат билан юрганини ҳам аниқлаганлар.

Қайд этилишича, ўзбекистонлик шахс айни пайтда ҳибсхонада тутиб турилибди, ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.