Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев ўзаро имзоланган келишувга мувофиқ, Кампиробод сув омборининг 19 минг гектар ери Қирғизистонда қолгани, 4 минг 485 гектар ер эса Ўзбекистон тасарруфига ўтганини билдирди.
Бу ҳақда Ташиев, Озодликнинг қирғиз хизмати хабарига кўра, мамлакат парламентининг халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция бўйича қўмитасининг ёпиқ мажлиси чоғида маълум қилган.
МХДҚ раисига кўра, Кампиробод сув омборини Қирғизистон билан Ўзбекистон ўртасида тузилган қўшма корхона бошқаради, унинг таркибига ҳар икки мамлакатдан тўрт нафардан вакил киритилади.
Қайд этилишича, сув ҳажми горизантал даражаси 908 метрдан 900 метрга туширилгани ортидан 1246 гектар жой бўшаган, бу ерлар ҳам Қирғизистонга ўтади.
Ташиев изоҳига кўра, 18 минг гектардан кўпроқ майдон Ўш ва Жалолобод вилоятларига қўшилади. Мулозим ҳужжат делимитация ва демаркация тўғрисидаги ҳужжат имзоланиб, ратификация қилинганидан кейин Қирғизистон харитаси 15 минг 806 гектарга кенгаяди.