Наркотик моддалар истеъмол қилишга ундашда гумонланиб 22 январь оқшомида қўлга олинган қирғизистонлик журналист, “Temirov Live” канали муаллифи Болот Темиров бир сутка ўтар-ўтмас Бишкекни тарк этмаслик тўғрисида тилхат олиниб, озод этилди. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати хабар қилди.
Қўлга олинишидан икки кун олдин у “Қирғизнефтгаз” давлат ширкати ишлаб чиқарган мазут экспортидаги шубҳали схемалар ва уларга Миллий хавфсизлик давлат хизмати раиси қариндошларининг алоқаси бўлиши мумкинлигига оид суриштирувини эълон қилган эди.
Журналистни ҳамкасблари ва ҳатто айрим депутатлар ҳимоя қилиб чиққан, Бишкек ва Ўш шаҳарларида уни озод этиш талаби билан норозилик акциялари ўтказилган.
Депутат Дастан Бекешев журналистнинг ҳибсга олинишини унинг сўнгги суриштируви билан боғлаган. “Мазкур суриштирув айрим шахсларни қаттиқ ғазаблантирди ва улар ҳаялламай жавоб қайтаришди”, деб ёзган у “Фейсбук”даги саҳифасида. Депутат Бош прокуратура Болот Темиров суриштирувига зудлик билан муносабат билдириши ва журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиши лозимлигини қўшимча қилган.
“Политклиника” нашри муҳаррири Дилбар Алимова ҳам касбдошининг қўлга олиниши унинг касбий фаолияти билан боғлиқ эканини айтган. “Болотни яхши танийман. У мамлакатдаги энг кучли журналистлардан бири. Унинг қонунни бузганига сира ишонмайман”, деган Алимова.
22 январь куни “Temirov Live” канали офисига милиционерлар ва ниқобли одамлар келиб, тинтув ўтказишган ва муайян ҳужжатларни имзолашни талаб қилишган. Дастлабки маълумотларга кўра, тинтув Айпери Адилбек қизи деган фуқаронинг даъво аризаси бўйича ўтказилган. Канал аъзоларидан бири Ақтилек Капаровга кўра, ҳуқуқ-тартибот ходимлари уларга Темиров гўё “бир қизни” гиёҳванд моддалар истеъмол қилишга мажбурлаганини айтишган.
Болот Темиров офисдан чиқиш чоғида “подстава” қилингани ва “ёнига наркотик модда ташлаб қўйишган”ини таъкидлаган.
22 январь кечаси Темиров текшириш учун наркодиспансерга олиб борилган. У ердан “спецназ” жангчилари ҳамроҳлигида чиққан Темиров Озодлик мухбирига марихуана, героин ва сунъий наркотик истеъмол қилганини аниқлаш учун ўтказилган учала тест ҳам манфий натижа берганини айтган.
41 ёшли Болот Темиров Қирғизистонда ва хорижда таниқли журналист саналади. Сўнгги бир неча йил ичида у қатор шов-шувли суриштирувлар эълон қилган. Журналист асосан коррупция билан боғлиқ мавзуларни ўрганади. 2020 йил 9 январида у номаълум кимсалар томонидан калтаклаб кетилган эди.
2021 йилда Болот Темиров АҚШ Давлат департаментининг “Коррупцияга қарши курашчи” мукофотига сазовор бўлган.