Қирғизистонликларга Россияга бормай туриш тавсия қилинди

"Крокус Сити Холл"

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат фуқароларини зарурат бўлмаган тақдирда Россияга сафар қилишдан тийилишга чақирди. Бу ҳақда ТИВ Консуллик департаменти раҳбарининг ўринбосари Бақит Қадиров Озодликнинг қирғиз хизматига берган интервьюсида маълум қилди.

Мулозимга кўра, 22 март куни Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл” концерт залига ҳужумдан кейин Россия махсус хизматлари контртеррористик чораларни кескинлаштириб, чегараларда текширувни кучайтиришган. Қирғизистон ТИВ кучайтирилган хавфсизлик чоралари амал қилиб турган пайтда Россияга сафарни ортга суриб туришни тавсия қилмоқда.

Россиядаги тожик диаспораси мамлакатда ксенофобик жиноятлар сони ошишидан хавотир олган ҳолда Россияда юрган тожикларга эҳтиёткорлик чораларини кўришни маслаҳат берган. “База” нашри тожик ҳамжамиятлари раҳбатлари ўз юртдошлари учун оммавий тадбирларга бормаслик ва оқшомлар уйдан чиқмаслик каби тавсиялар ҳозирлаганлари ҳақида хабар қилган. Шунингдек, “База” манбаларига кўра, қатор иш берувчилар Тожикистон фуқароси бўлган ўз ходимларидан яшаш манзили дохил актуал шахсий маълумотларни топширишни сўраган.

Аввалроқ Озодликнинг тожик хизмати бир неча ксенофобик хуруж ҳақида хабар қилган эди. Амур вилоятидаги Благовешченск шаҳрида номаълум шахслар мигрантларга қарашли бўлган савдо павильонини ёқиб юборишган – шаҳар мэри Олег Имамеев мулоҳазасича, бу ишга уларни “миллатчилик” ундаган бўлиши мумкин.

Калугада бир гуруҳ номаълум шахс кўчада уч нафар тожикистонликни калтаклаган, улардан бири касалхонага ётқизилган.

Россиянинг турли ҳудудларидан мижозлар тожик миллатига мансуб таксичилар хизматидан бош тортаётгани ҳақида хабарлар келмоқда. Улар, ҳайдовчи тожик ёки Тожикистонда туғилган эканини билиб қолишган тақдирда, буюртмани бекор қилишни талаб қилишаётган экан.

Санкт-Петербург губернатори Александр Беглов ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш бўйича кенгашда шаҳардаги меҳнат муҳожирлари яшайдиган жойлар “алоҳида назорат остига олиниши”ни айтган, бироқ бу назорат нимада акс этишига аниқлик киритган эмас.

Мигрантлар Россиянинг бошқа ҳудудларида ҳам фаол равишда текширувдан ўтказилмоқда. Нижневартовскда полициячилар шаҳар ётоқхоналаридан бирида 14 нафар хорижликни қўлга олишган, дея хабар қилди 72.ru. Приморск ўлкасида эса расмийлар мигрантлар устидан назорат кучайтирилганини билдирганлар.

Жорий йилнинг 22 март оқшомида камуфляжли бир неча киши Москва четидаги “Крокус Сити Холл концерт залида одамларни ўққа тутганлар. Шундан сўнг портлаш содир бўлиб, кучли ёнғин бошланган. Террор хуружи натижасида, сўнгги маълумотларга кўра, уч бола дохил 137 киши ҳалок бўлган, камида 180 киши тан жароҳати олган.

Теракт уюштирганликда айбланиб тожикистонлик тўрт фуқаро ҳибсга олинган. Уларнинг дунёдаги кўплаб мамлакатларда террор ташкилоти деб тан олинган “Ислом давлат” гуруҳининг Афғонистондаги бўлими — “Вилояти Хуросон” радикал гуруҳига алоқадор экани тахмин қилинмоқда.