Қирғизистон Ўзбекистон билан чегара делимитацияси бўйича ишларни жадаллаштирмоқчи

Ўзбек-қирғиз чегараси яқинидаги ҳудудлардан бири

Қирғизистон бош вазири Улукбек Марипов 5 февраль куни Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида Евросиё ҳукуматлараро кенгашининг галдаги йиғилишида иштирок этаётган Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов билан учрашган. Ҳукумат раҳбарлари ўртасидаги музокара мавзуларидан бири икки мамлакат ўртасидаги чегаралар делимитацияси масалалари бўлган.

Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати маълумотига кўра, томонлар қирғиз-ўзбек чегарасидаги қолган участкаларни юридик жиҳатдан расмийлаштириш бўйича ишларни жадаллаштириш зарурлигини билдирганлар.

Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги чегара 1378 километрга узанган бўлиб, унинг 1170 километри ёки 85 фоизи делимитация қилинган. Икки давлат ўртасида 9 та баҳсли ҳудуд мавжуд бўлиб, бу жойларда вақти-вақти билан фуқаролар ўртасида можаролар юзага келиб туради.

Қирғизистон Давлат чегара хизмати маълумотига кўра, 2020 йилда Қирғизистоннинг қўшни давлатлар билан чегараларида 12 та нохуш ҳодиса қайд этилган бўлиб, бундан учтаси қирғиз-ўзбек чегарасида содир бўлган.