Қирғизистон парламенти қирғиз-ўзбек чегарасининг айрим участкалари делимитацияси бўйича шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси қабул қилди, дея хабар қилди Озодликнинг қирғиз хизмати.
Биратўла уч ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳасини овоз бериш чоғида 64 нафар депутат ёқлаган, 19 нафар депутат қарши овоз берган.
Қирғиз депутатлари, шунингдек, биратўла уч ўқишда Кампиробод сув омбори сув захираларини биргаликда бошқариш тўғрисида Ўзбекистон билан тузилган шартномани дастаклашган.
Мазкур қонунлар, таомилга мувофиқ, президент томонидан имзоланганидан кейин кучга киради.
Ўзбекистон парламентининг қуйи палатаси бу ҳужжатлар ратификацияси бўйича қарорни 14 ноябрь куни қабул қилган эди.
Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегарасининг айрим участкалари делимитацияси тўғрисидаги шартнома ҳамда Кампиробод сув омбори сув захираларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги шартнома икки давлат ташқи ишлар вазирлари томонидан шу йил 3 ноябрида Бишкекда имзоланган.