Қирғизистон президенти давлат ташрифи билан Ўзбекистонга учиб кетди

Қирғизистон президенти Садир Жапаров

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 11 март куни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга учиб кетган.

Озодлик қирғиз хизматининг президент матбуот хизмати маълумотига таянган ҳолда хабар қилишича, икки кунлик сафар чоғида С. Жапаров ўзбекистонлик ҳамкасби Шавкат Мирзиёев билан икки томонлама музокаралар ўтказади, шунингдек, у Сенат раисаси Танзила Норбоева, Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов ҳамда бош вазир Абдулла Арипов билан учрашади.

Ташриф доирасида Ўзбекистон-Қирғизистон бизнес-форумини ўтказиш ҳам режаланган.

Жапаров Ўзбекистонга ўзи билан 20 чоғли мулозимни олиб кетган, улар орасида ташқи ишлар вазири Руслан Қазақбаев, бош вазир ўринбосари Улукбек Қармишақов, қатор вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Ибрагим Жунусов ва парламентнинг бир депутати бор.

Аввалроқ Жапаров Ўзбекистонга сафаридан кейин Тожикистон, Туркманистон ва Хитойга сафар қилиши хабар қилинган, бироқ мазкур ташрифлар санасига аниқлик киритилган эмас.

Ўзбекистондан аввал Қирғизистон президенти Россия ва Қозоғистонга сафар қилган.