Қирғизистон Конституциявий палатасининг собиқ судьяси, президентликка номзод Клара Сўўрўнқулова 13 январь куни Озодликнинг қирғиз хизмати эфирида якшанба куни бўлиб ўтган президент сайлови натижаларини маънавий нуқтаи назардан тан олмаслигини билдирди.
“Сайловга Жапаровни дастаклаган одамлар келди, деб айтиш мумкин, бироқ улар озчилик эди. Ҳокимият тепасидагиларга ишонмаганлар эса сайловга келмади, улар кўпчилик эди. Мен маънавий нуқтаи назардан сайлов натижаларини тан олмаслигимни айтган бўлсам-да, ҳуқуқий нуқтаи назардан ҳам қонунбузарлик жуда кўп бўлди ва Марказий сайлов комиссияси буларга кўз юмди. Сайлов натижалари расман эълон қилинганидан кейин биз судга мурожаат қиламиз”, деди Сўўрўнқулова.
Қирғизистонда шу йилнинг 10 январида бўлиб ўтган президент сайловида 17 номзод орасида собиқ президент в.б. Садир Жапаров пешқадамлик қилмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, унга участкаларга келган сайловчиларнинг 79 фоизи овоз берган.
МСК маълумотларига мувофиқ, якшанба кунги сайловда сайловчилар давомати 39 фоизни ташкил этган.
Қирғизистонда президент сайловининг расмий натижалари ҳали эълон қилинмай туриб кўплаб мамлакат лидерлари, шу жумладан Ўзбекистон президенти Ш. Мирзиёев С. Жапаровни сайловдаги ғалабаси билан табриклашга улгурди.