Қирғизистон: Садир Жапаров иккинчи муддатга президентликка ўз номзодини қўяди

Қирғизистон президенти Садир Жапаров

Қирғизистон президенти матбуот котиби Асхат Алагозов 30 январь куни амалдаги давлат раҳбари Садир Жапаров иккинчи муддатга президентликка номзодини қўйишини тасдиқлади, дея хабар қилди Озодликнинг қирғиз хизмати.

“Мамлакатимиз учун стратегик аҳамиятга эга бўлган узоқ муддатли халқаро лойиҳалар ишга туширилаётгани ва режаланаётганини ҳисобга олган ҳолда, Садир Жапаровнинг иккинчи муддат учун сайловда иштирок этиши сиёсатдаги изчил қадам бўлади”, деган Алагозов давлатга қарашли “Кабар” ахборот агентлигига берган интервьюсида.

Садир Жапаровнинг яна бир марта президентликка номзодини қўйиш нияти борлиги ҳақида даставвал Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Эдил Байсалов Озодлик қирғиз хизматининг 29 январдаги “Экспертлар талдайт” дастури эфирида маълум қилган эди.

“Президентимиз кейинги сайловда иштирок этади. Конституция бунга имкон беради, шунинг учун ҳам у буни ярим йўлда ташлаб қўймайди”, деганди Байсалов жумладан.

Қирғизистонда 2021 йили Конституцияга киритилган ўзгартишларга мувофиқ, мамлакат президенти 5 йилдан икки марта сайланиш ҳуқуқига эга.

Садир Жапаров 2021 йилнинг 10 январида президент этиб сайланган ва ўша йилнинг 28 январидан расман лавозимга киришган. Ўша пайтда Конституциянинг давлат раҳбарига ўз лавозимини олти йил муддатга фақат бир муддат эгаллашга имкон берувчи эски таҳрири амалда бўлган.

Конституцияга ўзгартишлар киритиш ғояси Жапаровга тегишли бўлган. 2020 йилнинг октябрь ойида содир бўлган норозилик чиқишларидан кўп ўтмай ҳокимият тепасига келган Садир Жапаров ўшанда 2010 йилда қабул қилинган Конституциядаги президент-парламент бошқарувига асосланган тизимдан воз кечиб, кучли президентлик бошқарувига қайтишни таклиф қилган эди.