Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Сузоқ туманида юзага келган сел 6 яшар қизалоқнинг ўлимига сабаб бўлди.
Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбари Абдулнасир Закиров Озодликнинг қирғиз хизматига қизалоқнинг жасади тунда топилиб, яқинларига топширилганини билдирган.
20 июль оқшомида Қорадарё қишлоқ кенгаши ҳудудида кузатилган селга тўхтовсиз ёққан жала сабаб бўлган. Эндиликда бу ердаги табиий офат оқибатлари ФВБнинг Сузоқ тумани бўлими ходимлари томонидан бартараф қилинмоқда.
Ҳайит куни Жалолобод вилоятининг Ахси туманида жойлашган Авлетим қишлоқ кенгашида ҳам сел оқибатида бир неча уйни сув босган. Шунингдек, Интернетда Боткен вилоятининг Қадамжой тумани ҳамда Ўш вилоятининг Аравон туманида ҳам сел келганига оид видеолар пайдо бўлган.
Боткен вилоятида 19 июль куни келган сел 16 яшар қизнинг ўлимига сабаб бўлгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилганди. Ундан бир ҳафта аввал эса Жалолобод вилоятининг Ахси туманида кузатилган сел 8 кишининг умрига зомин бўлган.