Қирғизистон ҳукумати Тожикистон билан чегарадаги отишмаларда ҳалок бўлганлар сони 59 кишига етганини маълум қилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, отишмада қирғиз томонидан камида 144 киши яраланган, улар орасида ёш болалар ҳам бор.
Оғир жароҳатланган 102 киши Бишкек ва Ўш шаҳридаги касалхоналарда даволанмоқда. Аҳволи ўта оғир бўлган бир неча ярадор Бишкек шаҳрида жарроҳлик амалиётидан ўтказилди.
Отишмалар оқибатида Қирғизистоннинг қатор қишлоқ ва шаҳарларидан камида 140 минг аҳоли эвакуация қилинди.
19 сентябрь Қирғизистонда Миллий мотам куни сифатида эълон қилинди. Бу борадаги фармонни президент Садир Жапаров имзолади.
Тожикистон ҳукумати 14 сентябрдан бошланган отишмаларда 32 фуқаро нобуд бўлганини расман билдирди. Аввалроқ Озодлик радиоси тожик хизмати ўз манбаларига таянган ҳолда 39 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатган эди. Бу маълумотларни мустақил манбалар орқали тасдиқлаш имконияти ҳозирча мавжуд эмас.